АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

    08 январь, 2018 55 jizzax Jizzax vb yangiliklari

    Байрамона безатилган «Жиззах» танталар мажмуаси ҳар қачонгидан гавжум. Санъат коллежи ўқувчилари ижросида янграётган мусиқа садолари  дилларга бир олам қувонч бағишлайди.

     

     

    Тантаналар зали Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган анъанавий “Аскар оналарини шарафлаймиз”  деб номланган  маданий-маърифий тадбир иштирокчилари билан  тўла. Тадбирга мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган аскарларнинг оналари, меҳнат фаҳрийлари, “Маҳалла”  хайрия жамоат фонди ва бир қатор  ташкилотлар вакиллари  таклиф этилди.

    Жиззах вилоят ҳокимлиги,  хотин-қизлар  қўмитаси ҳамда Жиззах горнизони томонидан ташкил этилган тадбир аввалида “Миллий армиямиз, ғуруримиз, фахримиз” филъмида  муддатли ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар, Қуролли кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилинди. Шундан сўнг ҳарбий хизматни шараф билан адо этаётган бир гуруҳ аскарларнинг оналарига йўллаган видеотабриги намойиш этилди.  Табрик тадбир иштирокчиларининг гулдирос қарсаклари билан олқишланди. Шу пайт қарсаклар гулдироси яна ҳам жонланиб, даврага аскарларнинг ўзлари кириб келдилар.  Улар орасида ғаллаороллик Хуршид Хўрозов, зарбдорлик Жамшид Алимов, зоминлик Худойберди Алиқулов,  бахмаллик Ботир Абдурахмонов, жиззахлик Азизбек Абдурасулов ва бошқалар бор эди. Кутилмаган учрашув аскар оналарининг қалбига бир олам қувонч, кўзларига эса ёш келтирди.

     

    Шундан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эргаш Салиев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.

    —Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда,—деди Эргаш Алибекович. —Ана шунинг натижасида Қуролли Кучларимиз замонавий техника, қурол-яроғ билан таъминланган профессионал армияга айланди.  Бугун  ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигит учун  нафақат Ватан олдидаги бурч,  балки шарафли вазифага айланганлиги барчамиз учун қувонарлидир.  Армияда аскарларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол бўлишлари, уларни жисмоний чиниқтириш, маънавиятини юксалтириш, дунёқараши ва  билимларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Шунинг учун ҳам сиз оналар тарбиялаб вояга етказган фарзандлар ҳарбий хизмат давомида сафдошларига ибрат бўлмоқда,—дея таъкидлади вилоятимиз раҳбари.

     

    Тантанали тадбирда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат бурчини аъло даражада ўтаётган аскарлар ҳокимининг, уларнинг оналарига Жиззах гарнизони бошлиғининг Ташаккурномалари, қимматбаҳо совғалари тадбир иштирокчиларининг гулдирос қарсаклари остида топширилди.

     —Қувончимнинг чеки йўқ, —дейди Зомин туманидаги “Ёшлик” маҳалласида яшовчи Хайринисо Очилова. Бугун фарзандим, оддий аскар Худойберди Алиқулов  билан дийдорлашиш хаёлимга ҳам келмаган эди.  Эсда қоларли учрашувни ташкил этганларга минг марта раҳмат. Ҳарбий либосдаги аскар ўғлимни кўриб, кўзларим қувонч ёшларига лиммо-лим тўлди.  Мен каби аскар оналарига кўрсатилган иззат-икромдан барчамизнинг кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бошимиз осмонга етди.

    Тадбирда сўз олган Жиззах гарнизони бошлиғининг ўринбосари  Нурилла Обидов, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, Сенатор Гулнора Тўраева ва бошқалар йиғилганларни байрам билан табриклар эканлар йигитларимиз онгида армия ҳақидаги тасаввур, ҳарбий хизматга бўлган муносабат тубдан ўзгарганлиги, ўз сафларида жисмонан соғлом, руҳан тетик, интелектуал салоҳиятли аскарларни, стратегик ва тактик талабларни уддалай олдиган, жанговар шайликни юқори даражада сақлай биладиган командирларни бирлаштирган Миллий армиямизнинг шаклланишига эришилганлигини фахр билан тилга олдилар.

     

    Дийдорлашув онлардан сўнг байрам дастурхони атрофида аскарлар ўз оналари билан дилдан суҳбат қурдилар.

    Тадбир давомида вилоят Академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси хонандалари томонидан Мустақил Ватан, ҳур Ўзбекистонни, мард ва жасур ўғлонларни мадҳ этувчи қўшиқлар, дилтортар мусиқалар ҳамда жозибали рақслар  иштирокчилар  қалбига завқ-шавқ бағишлади.

         

    Бекпўлат ТОҒАЕВ

    Манба:jizzax.uz

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать