“ЁШЛАР УЗОҚ КУТГАН ОНЛАР”

    04 январь, 2018 215 buxoro Buxoro vb yangiliklari

    2017 йил 30 декабр куни Бухоро вилоятида Ёшлар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Бетакрор Бухорода гўзал бир иншоотнинг қад ростлагани шариф шаҳар тарихи саҳифаларини яна бир карра олтинранг ёзувлар билан безади.

    Сўнгги йилларда Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган беқиёс қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳудуд инфратузилмасини янада такомиллаштиришда муносиб аҳамиятга молик. Қўлигул уста меъморлар, кўплаб қурилиш ташкилотлар вакиллари меҳнати самараси ўлароқ, Бухоро шаҳри марказида салобат тўкиб турган муҳташам Ёшлар маркази – бухоролик ёшларнинг узоқ ва интиқлик билан кутган эзгу мақсадларининг улуғвор рамзи бўлди, десак муболаға эмас.

    Абу Али ибн Сино номли истироҳат майдони ҳудудига янада кўрк бағишлаб турган Ёшлар марказининг очилиш маросимида минглаб ёшларнинг ташриф буюргани бухоролик ёшларнинг шундай масканга ғоятда интиқ эканлигини исботлади.

    Ёшлар марказининг тантанали очилиш маросимида сўз олган Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев вилоятда ёш авлод жамиятнинг ташаббускор ва фаол қатлами сифатида доимо қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлар экан, гўзал ва бетакрор Ёшлар маркази фақат ва фақат ёшлар учун хизмат қилажагини билдирди.

    Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Одилжон Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев, вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Мадина Баротовалар сўзга чиқишди.

    Ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шарт-шароитлар яратилган Ёшлар марказида “Ёш рассомлар”, “Ёш шахматчилар”, “Қизларни оилага тайёрлаш”, “Психологик маслаҳатлар”, “Ёш актёрлар”, “Ёшлар туризми”, “Инглиз тили”, “Рус тили” каби ўндан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган анжуманлар зали замонавий жиҳозланган. Бундан ташқари, мажмуа таркибида 50 га яқин хизмат хоналари, кичик йиғинлар зали, тантаналар зали, замонавий ёшлар кинотеатри, ахборот ресурслар марказлари ҳам ўрин олган.

    Энг қувонарлиси, Ёшлар марказининг очилиш маросимида “Қорбобо ва Қорқизлар марафони”нинг ўтказилгани тўпланганларга, айниқса, болажонларга олам-олам қувонч бағишлади. Болалар нигоҳида кезган завқу-шавқдан уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини, ёрқин келажагига шубҳа йўқлигини англаш мумкин.

    Ҳа, ўзининг илму тафаккури, юксак қобилияти билан дунёни лол қолдирган бухоролик алломаларнинг бугунги фарзандлари ана шундай ишонч билан ҳар қандай буюк ютуқларга эришишга қодирдирлар.

    Тантанада маданият бошқармаси томонидан маданий дастур ташкил қилинди. Унда 1-БМСМ ўқувчилари ҳамда “Ўзбекконцерт”ДМ ходимларининг чиқишлари намойиш этилди.

     

     

     

     

     

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать