МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА

    02 апрель, 2018 47 jizzax Jizzax hujjatlari

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

    ҚОНУНИ

    30.08.2001 й.

    N 269-II

     

    Ҳужжатнинг рус тилидаги

    матнига қаранг

     

    МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА

     

    Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

    ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонуни,

    ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни,

    ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни,

    ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонуни

     

    1. Умумий қоидалар (1 - 4-моддалар)

    II.Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан

    фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви (5 - 9-моддалар)

    III. Маданий мерос объектларини давлат томонидан

    муҳофаза қилиш (10 - 19-моддалар)

    1. Маданий мерос объектларини асраш (20 - 22-моддалар)
    2. Моддий маданий мерос объектларига эгалик қилиш, улардан

    фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш (23 - 28-моддалар)

    1. Алоҳида муҳофаза қилинадиган

    тарихий-маданий ҳудудлар (29 - 33-моддалар)

    VII. Якунловчи қоидалар (34 - 36-моддалар)

     

     I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

     

    1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

    2-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва

    улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

    3-модда. Асосий тушунчалар

    4-модда. Моддий маданий мерос объектларининг тоифалари

     

    1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

     

    Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

     

    2-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва

    улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

     

    Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

    Қорақалпоғистон Республикасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

    Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

     

    3-модда. Асосий тушунчалар

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

     

    ансамбллар - тарихан таркиб топган ҳудудда аниқ кўзга ташланадиган, атроф манзараси билан умумийлиги ёки алоқадорлиги тарихий, археологик, меъморий, эстетик ёки ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган, ижтимоий, маъмурий, диний, илмий, ўқув-таълим, истеҳком, сарой, турар жой, савдо, ишлаб чиқариш ва бошқа аҳамиятга молик ҳамда рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати, меъморчилик асарлари билан боғлиқликда алоҳида ёки ўзаро биргаликда турган ёдгорликлар, иморатлар ва иншоотлар гуруҳлари, шунингдек тарихий тарҳларнинг ҳамда манзилгоҳлар иморатларининг қолдиқлари, ландшафт архитектураси ва боғ-роғ санъати асарлари (боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар);

     

    диққатга сазовор жойлар - инсон ва табиат ижодининг муштарак маҳсули, шунингдек тарихий, археологик, шаҳарсозлик, эстетик, этнологик ёки антропологик қимматга эга бўлган ҳудудлар, шу жумладан халқ ҳунармандчилиги масканлари, тарихий манзилгоҳлар ёки шаҳарсозлик тарҳи марказлари ва тарихий (шу жумладан ҳарбий) воқеалар, ёдгорликлар, атоқли тарихий шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган иморатлар, хотира жойлари, табиий ландшафтлар, шунингдек кўҳна шаҳарлар, шаҳристонлар, манзилгоҳлар, қароргоҳлар иморатларининг маданий қатламлари, қолдиқлари, маросимлар бажо этиладиган жойлар;

     

    ёдгорликлар - тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган айрим иморатлар, бинолар ва иншоотлар, улар билан боғлиқ бўлган рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати асарлари ҳамда шу иморатлар, бинолар ва иншоотларнинг тарихан таркиб топган ҳудудлари, шунингдек мемориал уйлар, квартиралар, қабристонлар, мақбаралар ва айрим қабрлар, монументал санъат асарлари, фан ва техника (шу жумладан ҳарбий техника) объектлари, антропология, этнография, нумизматика, эпиграфика, картография, фотография материаллари, кинофильмлар, аудио-, видео ёзувлар ҳамда бошқа жисмлардаги ёзувлар, адабиёт ва санъат асарлари, архив, қўлёзма ва чизма ҳужжатлар, қадимги қўлёзма китоблар, ҳарф териш усулида чиқарилган дастлабки китоблар, нодир ва ноёб нашрлар, ноталар, муқаддас буюмлар ва мемориал хусусиятга эга бўлган ашёлар, тош ҳайкаллар, қояга ўйиб солинган тасвирлар, археология ёдгорликлари;

     

    маданий мерос объектлари - моддий ва номоддий маданий мерос объектлари;

     

    моддий маданий мерос объектлари - тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ансамбллар, диққатга сазовор жойлар ва ёдгорликлар;

     

    номоддий маданий мерос объектлари - тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа, томоша санъати), шунингдек улар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар, кўникмалар, асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконлар.

     

    4-модда. Моддий маданий мерособъектларининг тоифалари

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

     

    Моддий маданий мерос объектлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:

    бутун мамлакат тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик тарихий, илмий, меъморий, бадиий ва мемориал қимматга эга бўлган республика аҳамиятидаги моддий маданий мерос объектлари;

    вилоят, туман, шаҳар тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик тарихий, илмий, меъморий, бадиий ва мемориал қимматга эга бўлган маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектлари.

     

    II.МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН

    ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

     

    5-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш

    ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат

    бошқарувини амалга оширувчи органлар

    6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

    маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва

    улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

    7-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари

    вазирлигининг маданий мерос объектларини

    муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш

    соҳасидаги ваколатлари

    8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

    ҳузуридаги Бош архив бошқармасининг маданий мерос

    объектларини муҳофаза қилиш ва улардан

    фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

    9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маданий

    мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан

    фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

     

    5-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар

     

    Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. (ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни таҳриридаги модда матни), (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

     

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

    маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;

    маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурларини тасдиқлайди;

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш тартибини белгилайди; (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

    маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

    республика аҳамиятидаги моддий маданий мерос объектларининг, шу жумладан Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектларнинг ҳудудлари ва муҳофаза теграларидан фойдаланиш тартиботларини тасдиқлайди; (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

    тарихий-маданий қўриқхоналарни, музей-қўриқхоналарни ва тарихий манзилгоҳларни тузиш тартиби ва сақлаш тартиботини белгилайди;

    маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди;

    қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

     

    7-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

    (ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)

     

    Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги: (ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

    юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

    маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади; (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

    моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ҳамда ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурларини амалга оширади; (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

    маданий мерос объектларининг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши, тарғиб қилиниши ва улардан фойдаланилишини таъминлайди;

    маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритади; (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

    маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этади ва амалга оширади;

    қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

     

    8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармасининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

     

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги Ўзбекистон Республикасининг Миллий архив фондида турган маданий мерос ҳужжатли объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилишини амалга оширади. (ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

     

    9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

     

    Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларига берилган ваколатлар доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини аниқлайдилар ҳамда уларни ҳисобга оладилар, муҳофаза қиладилар, асрайдилар ва улардан фойдаланадилар, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайдилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларини маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тадбирларини ўтказишга жалб этадилар.

     

     

    III. МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

     

    10-модда. Маданий мерос объектларининг давлат

    томонидан муҳофаза қилинишини таъминлаш

    11-модда. Моддий маданий мерос объектларининг

    давлат кадастри ва Номоддий маданий мерос

    объектларининг рўйхати

    12-модда. Маданий мерос объектини Моддий маданий

    мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий

    маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш

    13-модда. Моддий маданий мерос объектининг паспорти

    14-модда. Моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос

    объектларининг давлат кадастридан чиқариш

    15-модда. Маданий мерос объектларининг

    тарихий-маданий экспертизаси

    16-модда. Тарихий-маданий экспертиза объектлари

    17-модда. Моддий маданий мерос объектлари

    қўриқланадиган тегралар

    18-модда. Маданий мерос объектларининг

    ҳолати устидан назорат

    19-модда. Маданий мерос объектларини Умумжаҳон

    маданий мероси рўйхатига ёки Инсоният номоддий

    маданий меросининг репрезентатив

    рўйхатига киритиш

     

    10-модда. Маданий мерос объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилинишини таъминлаш

     

    Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш бу маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий, молиявий, ахборотга доир, моддий-техникавий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидир.

     

    ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонунига мувофиқ иккинчи қисм иккинчи ва учинчи қисмлари билан алмаштирилган (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш:

    тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни давлат ҳисобига олиш ҳамда Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш;

    маданий мерос объектларининг илмий ва илмий-техник тадқиқ этилишини ривожлантириш;

    маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш;

    моддий маданий мерос объектлари муҳофаза теграларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

    моддий маданий мерос объектларини асраш бўйича ишларни амалга ошириш, шунингдек моддий маданий мерос объектларида илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш учун рухсатномалар бериш; (ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

    алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ва моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини белгилаш;

    моддий маданий мерос объектларида муҳофаза белгиларини ўрнатиш;

    маданий мерос объектлари ҳолатининг мониторингини амалга ошириш.

    Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар орқали ҳам таъминланиши мумкин.

     

    11-модда. Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри Давлат кадастрлари ягона тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ҳамда у моддий маданий мерос объектларининг географик жойлашуви, ҳуқуқий мақоми, миқдор, сифат тавсифлари ва баҳоси тўғрисидаги янгиланиб туриладиган маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборат бўлади.

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритишга қуйидагилар киради:

    моддий маданий мерос объектларига доир мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;

    моддий маданий мерос объектларининг миқдор ва сифат тавсифларини ҳисобга олиш;

    моддий маданий мерос объектларини сифат ва қиймат жиҳатидан баҳолаш;

    кадастр ахборотини тизимга солиш, сақлаш ва янгилаб бориш;

    моддий маданий мерос объектларининг ҳолати ҳақида ҳисоботлар тузиш;

    Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиш учун тегишли ахборот тақдим этиш;

    фойдаланувчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кадастр ахбороти билан таъминлаш.

    Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати номоддий маданий мерос объектлари тўғрисидаги янгиланиб туриладиган маълумотлар кўрсатилган ҳисобга олиш ҳужжатидан иборат бўлади.

    Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритишга қуйидагилар киради:

    номоддий маданий мерос объектини идентификация қилиш;

    тегишли номоддий маданий мерос объектларининг тармоқлари, йўналишлари, жанрлари ва услубларини таснифлаш;

    номоддий маданий мерос объектларини доимий равишда тикловчи шахсларни, гуруҳларни кўрсатиш;

    маълумотларни тизимга солиш, сақлаш ва янгилаб бориш;

    номоддий маданий мерос объектларининг сифат ҳолатини аниқлаш ва унинг натижалари бўйича ҳисоботлар тузиш.

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади

     

    12-модда. Маданий мерос объектини Моддий маданий  мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифлари асосида амалга оширилади.

    Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган кундан эътиборан мазкур объектлар аниқланган маданий мерос объектлари жумласига киритилади.

    Археология ёдгорликлари топилган пайтидан эътиборан аниқланган моддий маданий мерос объектлари жумласига киритилади.

    Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган янги аниқланган моддий маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши тўғрисидаги масала ҳал қилингунгача ушбу Қонун талабларига мувофиқ муҳофаза қилиниши керак.

    Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги аниқланган моддий маданий мерос объектининг мулкдорини мазкур объект Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида хабардор қилиши шарт.

     

    13-модда. Моддий маданий мерос объектининг паспорти

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

     

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган моддий маданий мерос объектига моддий маданий мерос объектининг паспорти берилиб, унга мазкур моддий маданий мерос объектини муҳофаза қилиш мазмунидан иборат маълумотлар ва объектнинг тавсифлари киритилади.

     

    14-модда. Моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос

    объектларининг давлат кадастридан чиқариш

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш, агар объект жисман тўла йўқотилган бўлса ёки моддий маданий мерос объекти сифатидаги ўз қимматини йўқотган бўлса, тарихий-маданий экспертиза хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.

    Моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

     

    15-модда. Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси:

    маданий мерос объекти Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилишини асослаш;

    моддий маданий мерос объектининг тоифасини белгилаш;

    моддий маданий мерос объектининг тоифаси ўзгартирилишини асослаш;

    моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш;

    моддий маданий мерос объектлари муҳофаза тегралари лойиҳаларининг шаҳарсозлик ва лойиҳалаш ҳужжатларига, шунингдек мўлжалланаётган ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларнинг моддий маданий мерос объектларини асраш талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

    Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилади ва амалга оширилади.

     

    16-модда. Тарихий-маданий экспертиза объектлари

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Тарихий-маданий экспертиза объектлари қуйидагилардир:

    хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилиши лозим бўлган ер участкалари, агар уларда моддий маданий мерос объектлари жойлашган бўлса;

    маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилишини асословчи материаллар;

    моддий маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқарилишини асословчи материаллар;

    моддий маданий мерос объектининг тоифаси белгиланишини ёки ўзгартирилишини асословчи материаллар;

    ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатлари;

    моддий маданий мерос объектларига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни асословчи хужжатлар.

     

    17-модда. Моддий маданий мерос объектлари қўриқланадиган тегралар

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)

     

    Моддий маданий мерос объектининг ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари белгилаб қўйилади. (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт теграларининг чегаралари ва уларни сақлаш тартиботлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

     

    18-модда. Маданий мерос объектларининг ҳолати устидан назорат

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ҳолатини назорат қилиб туриши ҳамда моддий маданий мерос объектларининг асралиши юзасидан жорий ва истиқбол дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида беш йилда бир марта моддий маданий мерос объектларининг ҳолатини кўрикдан ўтказиши ва уларни қайд этиб қўйиши шарт.

     

    19-модда. Маданий мерос объектларини Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ёки Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Тарих, санъат, фан, эстетика, этнология ёки антропология нуқтаи назаридан ҳар томонлама беқиёс қимматга эга бўлган маданий мерос объектлари Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция ҳамда Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияда белгиланган тартибда тегишинча Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ёки Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш йўли билан жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилиши мумкин.

    Маданий мерос объектлари тарихий-маданий экспертизасининг хулосаси асосида маданий мерос объектларини Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ёки Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш тўғрисидаги таклифлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ҳужжатлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиясига юборилади.

     

    VI. МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ АСРАШ

     

    20-модда. Маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари

    21-модда. Йўқотилган маданий мерос объектини асли ҳолига келтириш

    22-модда. Археология ёдгорликларини тадқиқ этиш

     

    20-модда. Маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Моддий маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари уларни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштиришни, шунингдек улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини ўз ичига олади.

    Моддий маданий мерос объектини консервациялаш - моддий маданий мерос объектини мавжуд кўринишида асраш ва унинг ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

    Моддий маданий мерос объектини тузатиш - моддий маданий мерос объектининг муҳофаза мазмунини ташкил этувчи ўзига хос хусусиятларини ўзгартирмаган ҳолда объектни фойдаланиш ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

    Моддий маданий мерос объектини таъмирлаш - моддий маданий мерос объектининг тарихий ва эстетик қимматини аниқлаш ҳамда сақлаб қолиш ва унинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

    Моддий маданий мерос объектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш - моддий маданий мерос объектининг тарихий-бадиий қимматини ва асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

    Номоддий маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, ҳужжатлаштириш, тарғиб қилиш ва рағбатлантириш ишларини ўз ичига олади.

    Моддий маданий мерос объектини асрашга доир ишлар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

     

    21-модда. Йўқотилган маданий мерос объектини асли ҳолига келтириш

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Йўқотилган моддий маданий мерос объекти алоҳида тарихий, илмий, бадиий, шаҳарсозлик ёки ўзгача ижтимоий аҳамиятга молик бўлган ҳолларда йўқотилган моддий маданий мерос объекти таъмирлаш усуллари орқали асли ҳолига келтирилади.

    Йўқотилган номоддий маданий мерос объекти алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача ижтимоий аҳамиятга молик бўлган ҳолларда йўқотилган номоддий маданий мерос объекти илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, таъмирлаш усуллари орқали асли ҳолига келтирилади.

    Йўқотилган маданий мерос объектини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асли ҳолига келтириш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси хулосаси асосидаги тақдимномасига биноан манфаатдор органлар ва ташкилотларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади.

     

    22-модда. Археология ёдгорликларини тадқиқ этиш

     

    Археология ёдгорликларини тадқиқ этиш (қазиш ва қидириш)га Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги берадиган рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади. (ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Археология ёдгорликларини тадқиқ этаётган шахслар уларнинг бошланғич консервация қилиниши ва асралишини таъминлашлари шарт.

    Қазиш ва қидириш ишлари тугаганидан кейин, лекин рухсатномаларнинг амал қилиш муддатлари ўтмасидан олдин, археология ёдгорликларини тадқиқ этаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ҳисобот тақдим этишлари ҳамда қазиш ва қидириш натижасида топилган ҳамда тарихий, илмий, маданий ёки ўзгача қимматга эга бўлган ашёларни белгиланган тартибда давлатга топширишлари шарт. (ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

     

    V. МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ, УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги боб номи)

     

    23-модда. Моддий маданий мерос объектларига эгалик қилиш,

    улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишнинг

    ўзига хос жиҳатлари

    24-модда. Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш

    25-модда. Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш

    ҳуқуқларининг чекланиши

    26-модда. Моддий маданий мерос объектига доир

    мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши

    27-модда. Давлат мулкида турган моддий маданий мерос

    объектини текин фойдаланишга бериш

    28-модда. Моддий маданий мерос объектидан

    фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилиниши

     

    23-модда. Моддий маданий мерос объектларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишнинг ўзига хос жиҳатлари

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

     

    Моддий маданий мерос объектининг мулкдори ўзига қарашли бўлган моддий маданий мерос объекти йўқотилса унинг ўрни тўлдириб бўлинмаслигини ҳамда унинг тарихий, маданий ёки илмий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, уни сақлаб туриш вазифасини зиммасига олади.

    Моддий маданий мерос объектлари жойлашган ер участкаларининг эгалари (мулкдорлари) зиммасига мазкур объектларни сақлаб туриш вазифаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар юкланиши мумкин.

    Моддий маданий мерос объектининг ижараси ижара шартномаси асосида амалга оширилиб, унда моддий маданий мерос объектини сақлаш талаблари қайд этилган бўлиши керак.

    Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

     

    24-модда. Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Моддий маданий мерос объектларининг мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар:

    моддий маданий мерос объектининг ташқи ва ички кўринишини моддий маданий мерос объектининг паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақлаш;

     

    ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунига мувофиқ учинчи хатбоши чиқариб ташланган

     

    моддий маданий мерос объекти ҳудудининг чегараларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг рухсатномасини олиш;

     

    ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунига мувофиқ тўртинчи ва бешинчи хатбошилари учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин

     

    алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни сақлаб туриш тартиботини таъминлаш;

    моддий маданий мерос объектининг мулкдори томонидан белгиланадиган шартлардаги моддий маданий мерос объектининг ҳамма учун очиқлиги талабларини албатта бажарган ҳолда уларнинг асралишини таъминлашга мажбурдирлар.

     

    25-модда. Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқларининг чекланиши

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мазкур моддий маданий мерос объектининг, унинг теварак атрофидаги табиий муҳитнинг муҳофаза қилиниши, асралиши, тарғиб қилиниши ва ундан фойдаланилиши учун, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада чекланиши мумкин.

    Хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқи қонунда назарда тутилган ҳолларда суд қарори билан чекланиши мумкин.

    Моддий маданий мерос объектидан фойдаланишда чеклашни жорий этиш заруриятини юзага келтирган ҳолатлар ёки шарт-шароитлар бартараф этилган тақдирда мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқи тўла ҳажмда тикланади.

     

    26-модда. Моддий маданий мерос объектига доир мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

     

    Моддий маданий мерос объектига доир мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилиниши мумкин.

    Хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объекти қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суд қарори билан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин.

    Умумий мулкда турган моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ер участкалари бўлинмайди.

     

    27-модда. Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектини текин фойдаланишга бериш

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

     

    Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объекти текин фойдаланиш шартномаси шартларида қуйидагиларга бериб қўйилиши мумкин:

    моддий маданий мерос объектларини сақлаш мақсадида фаолият юритаётган жамоат бирлашмаларига;

    болалар жамоат бирлашмаларига;

    ногиронлар жамоат бирлашмаларига;

    диний ташкилотларга.

    Моддий маданий мерос объектидан текин фойдаланиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва у моддий маданий мерос объектини сақлаш бўйича талабларни ўз ичига олган бўлиши керак.

     

    28-модда. Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилиниши

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда)

     

    Моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

    моддий маданий мерос объектидан текин фойдаланиш шартномаси ёки ижара муддати ўтганидан кейин фойдаланувчи фойдаланиш ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечганда;

    фойдаланувчи-жисмоний шахс вафот этганда;

    фойдаланувчи-юридик шахс тугатилганда;

    моддий маданий мерос объектига фойдаланувчи қасддан зарар етказганда;

    моддий маданий мерос объекти жойлашган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда.

    Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам бекор қилиниши мумкин.

     

    VI. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИГАН ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҲУДУДЛАР

     

    29-модда. Алоҳида муҳофаза қилинадиган

    тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш

    30-модда. Тарихий-маданий қўриқхоналар

    31-модда. Тарихий-маданий қўриқхона ва

    музей-қўриқхона чегараси

    32-модда. Тарихий манзилгоҳ

    33-модда. Тарихий манзилгоҳда шаҳарсозлик,

    хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни

    тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари

     

    29-модда. Алоҳида муҳофаза қилинадиган

    тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш

     

    Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ташкил этилиши мумкин. (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар тарихий-маданий қўриқхоналар, музей-қўриқхоналар, тарихий манзилгоҳлар кўринишида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ташкил этилади.

    Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш тартиби ҳамда уларни сақлаш тартиботи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

     

    30-модда. Тарихий-маданий қўриқхоналар

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

     

    Диққатга сазовор жой ёки унинг бир қисми ҳамда шу теграда жойлашган ёдгорликлар ва ансамбллар биргаликда тарихий-маданий қўриқхона ҳисобланиб, унда алоҳида тартибот ўрнатилади. Бу тартибот моддий маданий мерос объектлари теварак атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асралишини, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудининг яхлитлигини, шунингдек мазкур ҳудуд чегараларида қурилиш ва хўжалик фаолияти тартибга солиб турилишини таъминлайди.

    Тарихий-маданий қўриқхона ва у билан боғлиқ табиий ландшафт таркибига кирувчи моддий маданий мерос объектларида музейлар яратилса, шунингдек тарихий-маданий қўриқхона ҳудудида илгари удум бўлган анъанавий хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни тиклаш зарурати туғилса, мазкур тарихий-маданий қўриқхона музей-қўриқхона деб ҳисобланади.

     

    31-модда. Тарихий-маданий қўриқхона ва музей-қўриқхона чегараси

     

    Тарихий-маданий қўриқхона ва музей-қўриқхона чегараси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тарихий-маданий режа ва (ёки) тарихий-маданий қўриқхона ҳамда музей қўриқхонанинг таклиф қилинаётган чегарасини асослаб берувчи бошқа материаллар асосида аниқланади. (ЎзР 15.09.2005 й. ЎРҚ-5-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Тарихий-маданий қўриқхона ва музей-қўриқхона чегараси диққатга сазовор жойнинг чегарасига тўғри келмаслиги мумкин.

     

    32-модда. Тарихий манзилгоҳ

     

    Тарихий манзилгоҳ дейилганда унинг ҳудуди доирасида ўтмишда яратилган, тарихий, эстетик, ижтимоий-маданий, археологик, меъморий ёки шаҳарсозлик қимматига эга бўлган ва халқнинг ўзига хослигини, унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектлари жойлашган манзилгоҳлар тушунилади. (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Тарихий манзилгоҳда жойлашган ва шаҳарнинг муайян бўлаги сифатида тарихий қимматга эга бўлган барча объектлар: режавий тарҳ, иморат, композиция, табиий ландшафт, археологик қатлам, шаҳардаги турли (бўш турган, иморатлар қурилган, кўкаламзорлаштирилган) майдонларнинг ўзаро нисбати, катта-кичик ёки узун-қисқа кўринишлари, шаҳар қурилишининг бўлак-бўлак ва хароба ҳолидаги осори атиқалари, саҳни, маҳобати, тузилиши, услуби, материаллари, ранги ва манзарали элементлари билан ажралиб турадиган бинолар, иншоотларнинг шакли ва ташқи қиёфаси муҳофаза қилиниши керак.

    Тарихий манзилгоҳдаги табиий таркиб топган ва инсон қўли билан яратилган манзаралар уйғунлиги, тарихий манзилгоҳ тараққиёти даврида унга хос бўлиб қолган турли жиҳатлар, шунингдек бошқа қимматли элементлар сақлаб қолиниши керак.

     

     

    33-модда. Тарихий манзилгоҳда шаҳарсозлик, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари

     

    Тарихий манзилгоҳ ҳудуди доирасида шаҳарсозлик, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият моддий маданий мерос объектлари ва мазкур манзилгоҳнинг бошқа қимматли хусусиятларини сақлаб қолиш шарти билан амалга оширилмоғи лозим. (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Моддий маданий мерос объектларини, шунингдек тарихий-маданий ёки табиий қимматга эга бўлган бошқа объектларни сақлаб қолиш мақсадида тарихий манзилгоҳларда қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида тартиби белгилаб қўйилади. (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

    Тарихий манзилгоҳларда шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида тартиби маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органнинг ҳамда архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг назорати остида ўтказиладиган моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича изчил ва ўзаро боғлиқ тадбирлар тизимидан иборат. Алоҳида тартиб тарихий-меъморий, тарихий-шаҳарсозлик, архив ва археология тадқиқотлари асосида тарихий манзилгоҳ ҳудуди чегараларида тарихий-маданий қимматга эга бўлган ер участкаларида жойлашган, ҳам сақланиб қолган, ҳам йўқотилган мазкур тарихий манзилгоҳнинг ривожланиш босқичларини кўрсатувчи барча шаҳарсозлик элементлари ва иншоотларини асослаган ҳолда тарихий-маданий таянч режасини тузишни, бинолар ҳамда иншоотларнинг ўлчамлари ва нисбатларига, автомобиллартурадиган жойларни, рекламалар ва лавҳаларни жойлаштиришни тақиқлаш ва чеклашларга ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш учун зарур бўлган бошқа чеклашларга тааллуқли шаҳарсозлик регламентини ўз ичига олади. (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

     

    VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

     

    34-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш

    ва улардан фойдаланишнинг молиялаштирилиши

    35-модда. Низоларни ҳал этиш

    36-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза

    қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун

    ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

     

    34-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва

    улардан фойдаланишнинг молиялаштирилиши

    (ЎзР 09.10.2009 й. ЎРҚ-228-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)

    (Олдинги таҳририга қаранг)

     

    Маданий мерос объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлардир.

    Юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилиши мулкдорлар ва фойдаланувчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

    Моддий маданий мерос объектларини фойдаланишга беришдан, хизматлар кўрсатишдан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари ҳамда ҳайрияларидан тушган маблағлар қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилишга ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда банд бўлган ходимларни моддий рағбатлантириш учун сарфланади.

     

    35-модда. Низоларни ҳал этиш

     

    Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари юзасидан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

     

    36-модда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

     

    Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

     

     

    Ўзбекистон Республикасининг Президенти                      И.Каримов

     

     

     

     

     

     

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать