Вилоят мусиқали драма театри

    Ish kunlari:

    Ish telefoni:

    Web sayt:

    Manzil:

    To'liq ma'lumot:

        Жиззах Ўзбекистоннинг ўзига хос бой маданияти ва санъатига эга бўлган қадимий шаҳарлардан бири саналади.

      Жиззахда яшаб ижод қилган намоёндалар Абдулкарим Махмур Коризий, Муаззамхон, Убайдулло Ислом ўғли Аламкаш, Мирзиёқори, Махзун, Мухаммад Ризо, Муаттархон, Инъонхон Маҳмуд сингари шоир ва ёзувчилар, халқ бахшилари яшаб ижод қилишган. Шунингдек, Нормат қизиқ, Абдураҳмон хофиз, Пўлат қори, Ахмад хўжа, Мансур қизиқ, Асат қизиқ, Али қизиқ ва Бахриддин сурнайчи кабилар қўғирчоқбозлик санъати билан машхур бўлганлар. Улар халқ орасида ўзларининг кичик сахна кўринишларини намойиш этиб келганлар. Инқилобдан сўнг Хамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Назир Сафаров, Шукрулло Саъдулла, Анқабой (Худойбахтов), Насрулло Охундий, Орифжон Икромов, Бахром Иброхимов (Йўқсил), Қодиржон Имомовлар Жиззахда барча санъат турлари қаторида театр санъатининг шаклланишида муҳим рол ўйнадилар.

         1918 йилнинг охири 1919 йилнинг бошларида бир гуруҳ санъат ихлосмандлари Мулла Ҳошим, Абдулла Ахмедов, Абдусаттор Абдураззоқов, Иброҳим Мустафоқулов, Боймат Ойматов, Содиқ Зоиров, Орифжон Олимжонов, Охунжон Шерназаров, Саидқосим Хўжаев, Мирзараҳим хожилар томонидан дастлабки ҳаваскорлик драма тўгараги тузилган. Ушбу тўгарак Шароф Рашидов туманидаги (илгариги Жиззах тумани) Зиёкор қишлоқ фуқаролар йиғинининг (собиқ Москва колхози) А.Навоий кўчасидаги Мамарайим хожининг уйида фаолият юритган. 1921 йилга қадар ушбу тўгарак томонидан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Бой ила хизматчи”, “Фарғона фожеаси”, “Туҳматчилар жазоси”,Маннон Уйғурнинг “Туркистон табиби”, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” каби асарлари саҳналаштирилган. Ана шу дастлабки ҳаракат кейинчалик Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг ташкил топишига асос бўлди.

         1927 йил Жиззахда фаолият кўрсатаётган драма тўгарагига “Кўк кўйлак” труппаси номи берилди. Мазкур труппага Боймат Ойматов, Абдулла Ахмедов ва Саид Қосимхўжаевлар рахбарлик қила бошладилар.

         1928 йил режиссёр Пўлат Носиров томонидан Ғ.Зафарийнинг “Халима” мусиқали драмаси сахналаштирилган. Ушбу саҳна асари томошабинлар ўртасида кенг шуҳрат қозонган. Спектаклдаги Халима ролини Ибодат Хақбердиева, Неъмат ролини Пўлат Носиров ва Саид Холдоров, Ортиқбой ролини Иброҳим Каримов каби истеъдодли ёш актёрлар ижро этишган.

        1929-1931 йиллар мобайнида труппа репертуари янги саҳна асарлари билан янада бойиди. Бу даврда ижодий жамоа томонидан Озарбайжон драматруги ва композитори У.Хожибековнинг “Аршин мол олон”, Садриддин Айнийнинг “Бухоро жаллодлари”, Хамзанинг “Ким тўғри” спектакллари яратилган.

         1932 йили Жиззах шаҳридаги “Кўк кўйлак” труппасига Самарқанд вилоят колхоз-совхоз театри мақоми берилган. Театрга Саъдулла Жўрабоев бош режиссёр этиб тайинланган.

        1957 йилда колхоз-совхоз театрларининг молиявий аҳволларини янада яхшилаш ва ижодий қудратини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб колхоз-совхоз театрлари бирлаштирилган. Жумладан, вилоят колхоз-совхоз театри ҳам Самарқанд ва Сурхандарё област мусиқали драма театрлари ихтиёрига ўтказилган. Шу боис труппа аъзоларининг бир гуруҳи Жиззахда қолишиб, Жданов номли колхоз клубида яна драма тўгараги ташкил этишган. Тўгаракка Саид Холдоров ва Хусан Тошпўлатовлар раҳбарлик қилганлар. Тўгарак аъзолари сафигаН.Азимов, М.Рахматова, Қ.Хўжаева, Д.Ахмедов, Х.Мирзаев, О.Рахимова каби санъатга чанқоқ истеъдодли ёшлар келиб қўшилишган. Қисқа вақт ичида тўгарак репертуаридан Х.Мухторовнинг “Олоннинг оиласи”, Хамзанинг “Тухматчилар жазоси” спектакллари ўрин олган. Режиссёр Саид Холдоров А.Қаҳҳорнинг “Шохи сўзана” асарини қайта тиклаган. Мазкур асар 1960 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Республика драма тўгараклари кўригида намойиш қилиниб, тўгаракка “Халқ драма театри” унвони берилган.

       1964 йили Сирдарё вилоятини ташкил топиши муносабати билан 1964 йил 4 августда Жиззах шаҳридаги эски шаҳар мадрасасида фаолият юритиб келаётган Жиззах халқ театри негизида Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ташкил топган. Театрга асосан А.Н.Островский номли театр ва рассомчилик институтини тугаллаб келган ёшлар ва республикамизнинг турли вилоятларидан санъаткорлар жалб қилинган. Театрга С.Рахмонов директор ва С.Юнусхўжаев бош режиссёр этиб тайинланган. Шу йили театр жамоаси қозоқ драматурги Шанғитбоев ва Н.Бойсентовларнинг “Жон қизлар” мусиқали комедиясини саҳналаштириш билан (режиссёр Б.Хўжаев) ўз фаолиятини бошлаган.

         1965 йилда Назир Сафаровнинг “Уйғониш”, (режиссёр Р.Орифжонов), Комил Яшиннинг “Нурхон” (режиссёр С.Юнусхўжаев), 1966 йилда А.Рахматнинг “Абдулла Набиев” (режиссёр Ғ.Хамидуллаев), Р.Орифжоновнинг “Алданган қиз” (режиссёр Р.Орифжонов),1967 йилда Уйғуннинг “Парвона”, С.Абдулланинг “Алпомиш” (режиссёр Ғ.Хамидуллаев), 1968 йилда Ҳамид Ғуломнинг “Тошболта ошиқ” (режиссёр Ғ.Хамидуллаев), Хуршиднинг “Лайли ва Мажнун” (режиссёр Ғ.Хамидуллаев), 1969 йилда Х.Ғуломнинг “Ажаб савдолар”, Ш.Хусаиновнинг “Алдаркўса”, 1970 йилда С.Хўжаниёзовнинг “Суймаганга суйканма”, Шуҳратнинг “Беш кунлик куёв”, 1971 йилда Г.Хугаевнинг “Хотинимнинг эри”, Уйғун ва И.Султоннинг “Алишер Навоий”, спектакллари яратилган. 1972 йили саҳналаштирилган “Олтин коса” спектакли “Қардош халқлар драматургияси” фестивалида 3-даражали диплом билан тақдирланган.

           1974 йили театрга Юнус Ражабий номи берилган.

           1980 йили театр Жиззах шаҳри марказидаги хозирги замонавий янги бинога кўчиб ўтган.

         Мазкур театр биноси 1979 йилда қурилган бўлиб, театр деворларидаги ўйма наққошлик ишларини уста-ҳунарманд Маҳмуд Усмонов бошчилигидаги тошкентлик усталар бажарган.

     

        Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз Президенти томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш орқали аҳолининг маданияти ва маънавиятини юксалтириш давлатимизнинг устувор вазифасига айланган.

          Хусусан, ўтган 2017 йили Жиззах вилоят мусиқали драма театрида улкан бунёдкорлик ишлари бажарилди. Президентимиз ташаббуслари билан атоқли давлат ва сиёсат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини юқори савияда нишонлаш учун театрнинг асосий биноси реконструкция қилиниб, таъмирланди ва энг замонавий жиҳозлар ўрнатилди.

     

           Жумладан, театрга кириш қисмида файега биллур қандиллар ўрнатилди. Томошабинлар учун қулайликлар яратиш мақсадида устки кийимларни қолдириш учун гардероб хонаси, бинонинг иккинчи қаватида замонавий мебеллар билан жиҳозланган тамаддихона (буфет), театрга ташриф буюрадиган мартабали меҳмонлар учун алоҳида меҳмонхона ташкил қилинди.

           

        Театр томоша зали бутунлай янгича қиёфа касб этди. Испания давлатидан энг замонавий 555 ўринга мўлжалланган ўриндиқлар олиб келиб ўрнатилди, қўл меҳнати билан тикилган миллий зардўзлик, француз усулидаги ва бошқа 5 турдаги пардалар саҳнага ўзгача чирой бағишлади.

       

       Театр ижодий жамоаси – актёрларга яратилган шарт-шароитлар, айниқса, эътиборга молик. Саҳна ёнгинасида барча аёл ва эркак санъаткорлар учун умумий, айнан мазкур театрда фаолият кўрсатаётган артистлар учун эса барча шарт-шароитларга эга бўлган алоҳида-алоҳида гримхоналар ташкил этилди.

      

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать