БУХОРОДА “НАВРЎЗ” УМУМХАЛҚ БАЙРАМЛАРИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

    23 март, 2018 258 buxoro Buxoro vb yangiliklari

            Жорий йилнинг 18-22 март кунлари Бухоро шаҳрининг 7 та (“Абу Али Ибин Сино” номидаги фавворалар майдони, “Лаби-Ҳовуз” мажмуаси, “АРК” қўрғони мажмуаси, Сайилгоҳ “Ҳақиқат” кўчаси, М.Ашрафий номидаги “Семурғ” спорт комплекси, “Кўҳна ва боқий Бухоро” Амфитеатр мажмуаси, “Пахтаой” болалар маданият ва истироҳат боғи) маданий дам олиш масканлари ҳамда тарихий обидаларда “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан халқ сайллари ҳамда кўнгил очар тадбирлар ташкил қилинди.

            5 кун давом этган халқ сайллари ҳамда маданий тадбирларда вилоятнинг эстрада хонандалари, бадиий жамоалар ижодий бирлашмасига қарашли рақс жамоалари ҳамда тизимда таълим олаётган ўқувчи ёшлар жалб қилинди.

            Байрам тадбирларининг 3 кунида “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!”сайлининг “Кўҳна ва боқий Бухоро”даги лойҳалари ғоятда қизғин тус олди. Ҳар бир йўлак, катта ва кичик майдонлар Наврўз шукуҳи билан безатилди. Карнай-сурнай наволари, яллаю лапарлар янгради. Қизғин кўрик-танловлар, кўргазмали чиқишлар, масхарабозлар томошалари ёшлар ижодий ишлари ва ўйинлар, спорт беллашувлари авж олди.

           “Варраклар сайли”, “Сумалак сайли”, “Палов сайли”, “Ёш ошпазлар танлови”, “Наврўз-менинг нигоҳимда”, “Наврўз дастурхони”, “Наврўз ялласи”, “Миллий либослар”, “Ёшлар маҳорати”, “жонли табиат”, “Наврўз ва ёшлар ижодиёти”, “Ёшлик шижоати” спорт мусобақаси, “Қўғирчоқ театри” ҳамда “Қувноқ ёшлар театри” каби лойҳаларни ўз ичига қамраб олган сайллар барчага чинакам байрам кайфиятини улашди.

            Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бирга бир тану бир жон бўлиб, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримиз бўй чўзган Наврўз сайлида қадамба-қадам бўлишгани ёшу қарига самимият улашди.

            Бундан ташқари ушбу байрам кунларида “Ситора” болалар боғининг очилиш маросими ўтказилганлиги болажонларимизнинг байрам кайфиятига шукуҳ улашди десак хато бўлмайди.

     

     

     

     

     

     

     

     

     

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать