Бухорода "Аҳмад Дониш – Бухоронинг сўнгги қомусий олими" номли тадбир

    20 сентябрь, 2019 85 buxoro Buxoro vb yangiliklari

    Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк вилоят ўлкашунослик музейида буюк файласуф олим, математик, астроном, моҳир ҳаттот, меъмор Аҳмад Дониш ҳаёти ва ижодига бағишланган "Аҳмад Дониш – Бухоронинг сўнгги қомусий олими" номли тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда музей фахрийси, адабиётшунос Б. Насимов, Аҳмад Донишнинг дувараси профессор С. Қурбонов, Тарих илмий бўлими мудири Ў.Равшанов, Бухоро давлат университети тадқиқодчиси Р.Жумаев, университетнинг ўқитувчи ва талабалари, ОАВ ходимлари, музей-қўриқхона илмий ходимлари шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар иштирок этишди. Кўргазмада "Аҳмад Дониш ижодига идеал қараш", "Аҳмад Донишнинг сиёсий қарашлари ва сиёсий фаоллияти" ва "Аҳмад Донишнинг шогирдлари" мавзуларида марузалар ўқилди. Aҳмад Дониш 1827 йилнинг 21 сентябрида Бухоро шаҳри Кўчайи Сангин кўчасида ўртаҳол мулла Мир Носир ва Сакина Абдураҳмон қизи хонадонида дунёга келган. Аҳмад болалигиданоқ Қуръонни ёд олган, шеърият ва тасвирий санъатга иқтидори баланд бўлган. 1965 йилдан “Дониш” (яъни “билим” дегани) тахаллуси билан ўзи ҳам шеърлар ёза бошлайди, қўлёзма асарларга эса рассомлик қобилияти ортидан миниатюралар ишлайди. Шунингдек, астрономия, мусиқа, геометрия, математика, тарих, фалсафа соҳасидаги билимларни мустақил ўқиб, ўрганади, ўз даврининг илғор ва ҳар тарафлама билимли кишиси бўлиб етишади ва 100 дан ортиқ турли олимларнинг кўлёзмаларини кўчиради. Тадбирнинг кейинги қисмида Арк ўлкашўнослик музейи жомеъ масжидида мутафаккир олимнинг Бухоро давлат музей-қўриқхонаси ҳужжатлар фондида ва шахсий коллекцияларда сақланаётган қўлёзма китоблари, дасхат қитъалари миниатюра суратлари ва астрономик тақвимлари қўйилган кургазма намойиш этилди. Турли нодир қўлёзмалар қатори Аҳмад Донишнинг ҳам ноёб асарлари бизнинг кунларгача нисбатан тўлиқ ҳолатда етиб келган. Ҳозирги кунда олимнинг қўлёзмаларидан Бухоро давлат музей-қўриқхонасида ўз қўли билан ёзилган “Мухтасаре аз таърихи салтанати хонадони манғития” (1878 й.) ва “Наводир-ул вақое” асарининг қораланма ва асл нусхаси (яъни дастлабки китоби 1880 й.) сақланмоқда. Намойишга қўйилган бу асарлар ташриф буюрганларга катта қизиқиш уйғотди. Аҳмад Дониш қолдирган илмий, тарихий ва адабий меъросга яна бир бор назар солмоқ ва олимнинг Бухорода мавжуд кўлёзмаларини бир жойга тўплаб, уларни халққа таништириш кўргазманинг асосий мақсади ҳисобланади.

     

     

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать