Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

    28 август, 2019 55 qashqadaryo Qashqadaryo yangiliklari

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг

    Қарори

    Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    [Кўчирма]

    Ўтган давр мобайнида республиканинг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди, туристлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг ташриф учун хавфсиз мамлакат сифатидаги обрўсини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўрилди.

    Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича яратилган тизим туризм жойларида ҳамда туристлар томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш учун фаол фойдаланилаётган темир йўл ва ҳаво-транспорт инфратузилмаси объектларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини ўзида бирлаштирди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5611-сон ҳамда 2019 йил 1 февралдаги «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5647-сон фармонларига мувофиқ, шунингдек, транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини самарали таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиш мақсадида:

    1.Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

    Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида жорий этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини (кейинги ўринларда — Концепция) Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида татбиқ этиш ва босқичма-босқич амалга ошириш;

    ички ишлар органларининг белгиланган штатлар сони доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларини (кейинги ўринларда — бошқармалар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

    Бошқармалар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

    бевосита туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари хизматини самарали ташкил қилиш;

    ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш борасидаги фаолиятига ахборот-техник жиҳатдан кўмаклашиш, улар ўртасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлик устидан қатъий назорат ўрнатиш;

    туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида криминоген вазиятни тизимли таҳлил қилиш, туристларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш.

    2.Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Тошкент метрополитенида ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими негизида вазирликнинг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда — Бош бошқарма) ташкил этилсин.

    Бош бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

    метрополитен, темир йўл ва ҳаво-транспорт инфратузилмаси объектларида (кейинги ўринларда — транспорт объектлари) жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

    йўловчиларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиладиган товар-моддий бойликларнинг бутлиги ва қўриқланишини самарали таъминлаш;

    транспорт объектларида террористик таҳдидларни, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиактив, заҳарли, кучли таъсир қилувчи ва заҳарловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни ташкил қилиш;

    замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган мувофиқлаштирилган бошқарувини амалга ошириш.

    1. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига (кейинги ўринларда — хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари) шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни, шу жумладан автотранспортда ҳаракатланиш вақтида кузатиб бориш ҳамда моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга;

    транспорт объектларида, биринчи навбатда туризм йўналишдаги поездларда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича функциялар транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади;

    транспорт объектларида содир этилган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабар ва аризаларни ҳисобга олиш ва қайд этиш марказлашган тартибда транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларининг навбатчилик қисмлари томонидан амалга оширилади;

    транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда содир этилган жиноятлар билан боғлиқ баҳсли материалларни кўриб чиқишга доир қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

    туризм йўналишидаги темир йўл транспортида ҳаракатланиш давомида содир этилган, тегишлилиги бўйича ички ишлар органларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш уларда жамоат тартибини самарали таъминлаш учун кузатувчи профилактика инспекторлари лавозимларини босқичма-босқич жорий этиш орқали бевосита поездларнинг ўзида амалга оширилади;

    темир йўл вокзаллари ва аэропортлар атрофида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишининг олдини олиш ва чек қўйиш ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

    1. Белгилансинки:

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари жойларда Концепциянинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ишчи орган сифатида фаолият олиб боради;

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ўз хизмат фаолиятида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланадиган алоҳида фарқловчи белгилар, автотранспорт воситаларида ягона светографик схемалар ҳамда эмблемадан фойдаланишлари мумкин;

    бошқарма бошлиқлари бир вақтнинг ўзида тегишлича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳисобланади;

    бошқармаларга Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ички ишлар органларининг турдош бўлинмалари учун қонунчиликда белгиланган кадрларни танлаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;

    Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари тегишли вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмаларининг Концепцияни амалга ошириш бўйича фаолияти устидан тизимли назоратни таъминлайдилар ҳамда уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича шахсан жавобгар ҳисобланадилар;

    ички ишлар органлари республикада хавфсиз туризмни таъминлаш аҳволини тизимли мониторинг қилади ҳамда туристлар оқими ва юзага келаётган тезкор вазият таҳлили асосида мазкур йўналишдаги иш самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига вақти-вақти билан таклифлар киритиб боради;

    транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари фаолиятини кундалик тартибга солиш масалалари бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларига, хизмат ва тезкор фаолиятни ташкил этиш масалалари бўйича бевосита Бош бошқармага бўйсунади.

    1. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин ҳамда уни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

    Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тушумларининг 10 фоизи;

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари томонидан тегишлилигига кўра уларга тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича ундирилган жарима маблағлари;

    мазкур қарорга мувофиқ хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун келиб тушадиган маблағлар;

    халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

    Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига Жамғарма маблағлари ҳисобидан:

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини жорий қилиш ҳамда туризм намойиши ва инфратузилмаси объектларининг сони ҳамда ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳага фуқароларни шартнома асосида жалб қилиш;

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари учун, қонунчиликда белгиланган бошқа қўшимча ҳақлардан қатъи назар, лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда рағбатлантирувчи устамалар жорий этиш ҳуқуқи берилсин.

    Белгилансинки, Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун сарфланади:

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг ходимларини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг касбий тайёргарлигини ошириш, улар томонидан илғор хорижий тажрибани, шу жумладан хорижий мамлакатларга чиқиш орқали ўрганиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш;

    хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг қўшимча жорий этилган ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган штат бирликларини ҳамда шартнома асосида жалб қилинган фуқароларни молиялаштириш;

    хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида кўргазма ва ярмаркаларни ўтказиш, лойиҳа, дастур ва бошқа тадбирларни амалга ошириш.

    1. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида хавфсиз туризмни таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси» 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва самарали амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

    1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига:

    шартнома асосида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ маблағлари ҳисобидан туристик йўналишлар бўйича темир йўл поездларида профилактика инспекторларининг қўшимча штат бирликларини жорий этиш;

    транспорт объектларида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва ўз вақтида чек қўйиш ҳамда фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш мақсадида идоравий вертолёт техникаси имкониятларидан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

    1. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари туризм объектлари ва инфратузилмаси ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини моддий-техник мустаҳкамлаш мақсадида уч ой муддатда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 3 тадан енгил автомобиль, 5 тадан скутер ва 5 тадан мотоциклларни бир марталик харид қилиш ва ажратиш чораларини кўрсин.
    2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда:

    икки ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, Бош бошқарма тузилмасида транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган мувофиқлаштирилган бошқарувини амалга ошириш имконини берувчи ситуацион-таҳлилий марказни тузиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

    транспорт объектларида, шу жумладан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan airports» АЖ маблағлари ҳисобидан интеллектуал видеокузатув тизимини жорий этишни ҳамда уни «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплексига босқичма-босқич интеграция қилишни таъминласин.

    1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида полиция тузилмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан, шу жумладан ишчи сафарларни ташкил этган ҳолда учрашув ва музокараларни назарда тутувчи илғор хорижий тажрибани ўрганиш дастурини тасдиқласин.
    2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

    бир ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

    Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

    янгидан ташкил этилаётган бўлинмаларнинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш мақсадида икки ой муддатда, фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда уларни жойлаштириш, жиҳозлаш, малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўрсин;

    манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    1. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Жамғарма, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
    2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
    3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать