Қашқадарё вилоятида “Президент арчаси”

    05 январь, 2018 294 qashqadaryo Qashqadaryo yangiliklari

    Мамлакатимизда имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-онасиз ёки уларнинг қаровисиз қолган болаларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ҳар йили Янги йил байрами арафасида бу саховат ва меҳр нишоналари яна бир бор бўй кўрсатади дилларда. Камалакранг чироқлар билан безалган арча атрофида байрам тантаналари ташкил этилиб, болажонларга “Президент совғаси”нинг улашилиши бу борадаги ишларнинг ёрқин ифодасидир.

    Янги – 2018 йил арафасида 2017 йил 29 декабрь куни Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси, вилоят халқ таълими бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “Президент арчаси” байрам тадбири шукуҳли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Унда Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида ҳалок бўлганларнинг фарзандлари иштирок этди.

    Театр саҳнасида байрамона ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган арча атрофида Қорбобою Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари, таниқли санъаткорлар бир-биридан бежирим либослар кийиб, байрамга ошиққан болажонларни ва меҳмонларни хушнудлик билан кутиб олди. Бу ерда янграган куй-қўшиқлар, эртак қаҳрамонларининг ҳазил-мутойибалари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

    Бу тадбир болаларга қувонч, бир умрга унутилмас хотиралар туҳфа этади.
    Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри томонидан “Билимлар ўлкасида янги йил” сценарийси асосида саҳналаштирилган мусиқий чиқиши байрам қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди. Қизиқарли саргузаштларга бой воқеалар, куй-қўшиқлар, рақсларни ўзида жамлаган саҳна кўриниши асносида кичкинтойлар аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат, ақл, одоб инсонга зийнат бағишловчи фазилатлар эканининг гувоҳи бўлди.

    Тадбир ниҳоясида барча болалар, ёш ижрочилар, байрам иштирокчилари жўрликда “Президент арчаси” қўшиғини ижро этди. Президентимизнинг ўқув қуроллари, китоблар, турфа ширинликлардан иборат совғалари Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рузиевлар томонидан кичкинтойларга топширилди.

    Болажонларнинг қишки таътилини мароқли ва мазмунли ташкил этиш мақсадида 2017 йил 25 декабрдан 2018 йил 5 январга қадар Қарши шаҳридаги мустақиллик майдонида қад ростлаган арча атрофида ҳамда Қарши шаҳар “Ёшлар” маданият ва истирохат боғида “Президент арчаси” байрам тантанасига бағишлаб маданий –маърифий тадбирлар давом этмоқда.

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать