КЎЗМУНЧОҚЛАРИМ...

     

       Рўпарамда ўтирган аёл гоҳ маъюсланар, гоҳ ҳасратли уф тортарди. Кўзлари теграсида ёш милтиллар, рўмоли учи билан кўз ёшларини тез- тез артиб қўярди. Ҳар бир сўзидан армон, айрилиқнинг аччиқ сурати кўриниб - кўриниб кетаётгандай туюларди...

        Аёл бир оз сукутдан сўнг ўз ҳикоясини синиқ оҳангда, шикаста овозда бошлади:   

        -Биласизми, мен инсон умрини бодом гулига ўхшатаман. Қаранг, бир бора тескари эсган шамол қийғос гуллаган бодом гулини зумда тўкиб ташлайди. Одамзот умри ҳам шунга ўхшаш. Биргина қалтис қадам, оқибатни ўйламай қилинган иш инсон умрини бодом гуллари мисол бир зумда новдадан, яъни  ҳаётдан супуриб ташлаши мумкин экан. Мен бунга ўз бошимдан ўтган аянчли воқеа туфайли яна бир бор амин бўлдим.

         ...Мен ҳам бошқа тенгдошларим қатори ўқидим, изландим. Сўнгра вақти-соати етгач, ота-онам турмушга узатишди. Мени ўзга оила бағрига йўллаш олдидан онажоним айтган сўзлар ҳеч ёдимдан чиқмайди. Меҳрибоним, мени бағрига босган куйи шундай дегандилар: “Қизим, мана, сен ҳам худди опаларингдек турмушга чиқаяпсан. Энди бутунлай бошқа оилада яшайсан. Қизим, унутма, турмуш-мушт деганлар. Турмушнинг эса пасту баланди, ширин онлари билан бирга оғир муштдек пайтлари ҳам кўп бўлади. Биз аёлмиз, барисига бирдек чидашимиз керак”. Онам тўғри айтган эканлар. Завқли ҳамда тотли бошланган оилавий ҳаёт ўрни келганда мени бахтдан энтиктирди, мавриди келганда кўнглимни қавартирди ҳам.

         Илк нохушликлар биринчи фарзандим туғилгандан сўнг бошланди. Турмуш ўртоғим анчагача “Қиз туғдинг”, деб аразлаб юрди. Сўнгра турли баҳоналар билан жанжал чиқара бошлади. Барчасига чидаб, тишимни-тишимга босиб яшашга интилдим. Турмушнинг кутилмаган муштлари кўнглимга ўксинишлар олиб кирса-да, эътибор қилмадим. Аразлаб ёки иддао қилиб, ота-онамникига кетиб қолмадим. Қизчамизни меҳр билан парваришлаб, турмуш ўртоғимнинг баъзан авжига чиқиб кетадиган зуғумларига бардош бердим. Орадан йиллар ўтгач, биратўла, Ҳасан-Ҳусан ўғиллик бўлдим. Қувончимнинг чеки, бахтимнинг сарҳади йўқдай эди. Шундан сўнг, турмуш ўртоғимнинг муомала ва муносабати ўзгариб, ўртамизда яна ҳавас қилгулик даражада самимий илиқлик пайдо бўлди. Ҳасан-Ҳусанларимиз эса соғлом ва дуркун бўлиб ўса бошлашди. Иккаласи ҳам шўх ва ҳаракатчан, ғайратли болалар бўлиб вояга етишаётганди. Мен уларни еру кўкка ишонмай, алоҳида меҳр билан халоскор кўзмунчоқларим деб атардим.

         Ҳасаним бироз вазминроқ, мулоҳазалироқ, гапга кўнадиган бола. Лекин кўзмунчоғим Ҳусан эса салгина шўхроқ эди. Бирор гап айтсангиз “хўп бўлади, ойижон!” дерди-ю, ўз билганидан қолмасди. Ҳар иккала ўғлим мактабда яхши ўқирди. Ҳусаним эса спорт билан жиддий шуғулланарди. Шаҳар ва туман миқёсида ўтказиладиган спорт беллашувларида тенгдошлари орасида биринчиликни олиб, ҳаммамизни қувонтириб юрарди. Қалбимга армон ва айрилиқ юкини олиб кирган ўша машъум кунда ўғилларимнинг ҳар иккиси ҳам ёнимда эди. Ҳусаним нонни катта-катта тишлаб “Ойижон, мен сизни жудаям яхши кўраман!”, деб хурсанд қилиб ўтирганди. Чунки ўша куни ёмғир ёға бошлаганди. Кейин ёмғир тинди. Қуёш чарақлаб кетди. Лекин ҳали нам етарлича эди. Одатича, ўғилларим қийқиришиб кулишиб, кўчага ўйнагани чиқиб кета бошлашди. Мен уларни яхши сўз билан қайтаришга уриндим. Кўчалар ҳали лой, совуқ эпкин эсиб турибди, шамоллаб қоласизлар, дея уқтирдим. Йўқ, кўзимни шамғалат қилиб, кўчага чиқиб кетишибди. Мен эса рўзғор ишлари билан андармон бўлиб қолаверибман.

         Бир маҳал кўча тарафдан Ҳасан ўғлимнинг қичқириқ овози қулоғимга чалингандай бўлди. Жонҳолатда ўша ёққа югурдим. Ҳасан изиллиб йиғлар, Ҳусан эса ерда чўзилиб ётарди. Югуриб бориб болажонимни кўтариб олмоқчи бўлдим. Қандайдир бир куч мени ундан нарига итқитиб ташлади. Тушундим, англадим: кўзмунчоғимни ток урибди! Уйимизга яқин жойда электр токини хонадонларга тақсимловчи қурилма бор эди. Ҳусанжон ўғлим ўйнаб, ўша ёққа ўтибди. Бир қўли билан тақсимлагичнинг тиргагидан ушлабди. Ҳали-ҳануз кўзлари кўзмунчоқдай товланиб турувчи Ҳусанимнинг сурати кўз ўнгимдан кетмайди. Айтган энг сўнгги “Ойижон мен сизни жудаям яхши кўраман!”, деган илиқ сўзи қулоғим тагида тинмай жаранглаб туради. Мен-чи, мен ҳам уни жону жаҳонимдан ортиқроқ кўрардим, кўзмунчоқдай кўзларимга суртардим. Афсус, бевақт келган ажал кўзмунчоғимдан айириб қўйди...”.

         Кутилмаган ғамдан сочларига эрта оқ оралаган онанинг оғриқли ҳикоясини тингларканман, қария Эзопнинг бир масали ёдимга тушди. Унинг нақл қилишича, қалдирғоч қозихона шифтига уя қуриб, бола очибди. Кунларнинг бирида, у йўқ пайти, уясига илон кирибди-ю, полапонларини еб қўйибди. Уясига қайтган қалдирғоч уни бўш кўриб, аччиқ-аччиқ йиғлай бошлабди. Бошқа қалдирғочлар уни овутмоқчи бўлишиб: “Қўй энди, полапонларидан айрилган бир сен эмас-ку, ахир?!”, дейишипти. Шунда қалдирғоч жавоб берибди: “Полапонларим тақдирига куйганимдангина йиғлаётганим йўқ, жабрдийдаларим ҳимоя топиши лозим бўлган жойдан жабр кўрганига йиғлаяпман!”. Масалчи таъкидлаганидек, ҳеч кутилмаган жойда жабр кўрган кишининг аламу изтироблари кучлироқ бўлади.

         Мен аччиқ аламларга тўла ҳикоясини тинглаган аёл ҳам ўша қалдирғоч каби йўқ жойдан жабр кўрганларнинг бири эди. Шу боис ҳам уни юпатиш учун ўзимда на бирор куч, на бирор калима илиқ сўз топа олмаётган эдим. Аёл маъюсланган куйи мен билан бош ирғаб унсиз хайрлашди-да, ўз йўлига кетди. Мен эса ҳозиргина эшитганим - аянчли воқеа акс этган ҳикоя таъсирида яна анчагача хаёл суриб қолдим. Онага ҳам, болага ҳам жуда-жуда раҳмим келди. Сўнг, шоирнинг мана бу сатрлари ёдимга тушди:

    Онам яратдилар мени дунёга,

    Ғамлари кўп эди ўзининг ҳам.

    Менинг андуҳларим устувор бўлиб,

    Дардлари устига қўшилди яна ғам...

         Бу сатрлар худди юқорида келтирилган ҳам аламли, ҳам оғриқли, ҳам мулоҳазага чорловчи ҳикояни тинглаб, сўнг ёзилгандай туюлди. Чунки норасида гўдак ўйинқароқлиги, она ўгитларига эътибор бермаслиги, қулоқсизлиги туфайли фожиали ўлим топди. Яъни, ҳаётдан эрта кетишига ўзи сабабчи бўлди. Афсуски, гул умрини хазон қилгани етмагандай, кечагина шод-шодон яшаётган онажонини армонлар, ўксинишлар, соғинчлар домига ташлаб кетди.

         Бундай воқеалардан хабар топгач, ўйланиб қоламан. Бола, барибир, бола-да. Унинг ўз дунёси, қизиқишлари, ўзига хос миттигина жасоратлари, хуллас, ўз олами бор. Бу гўдакона оламни бошқариш, мунтазам назорат қилиб туриш эса, ота-она зиммасидаги вазифа. Лекин, барибир, ўйланиб қоласан, киши. Аслида, фарзандимизни ортиқча эркалатиб юбормаяпмизми? Ёмонини яшириб, айбини бекитиб, яхши томонларини бўрттириб мақтайвериб, боламизнинг тўғри йўлдан чалғишига ўзимиз сабабчи бўлмаяпмизми? Тарбияда қаттиққўлроқ бўлиш ўрнига кўнгилчанликни кучайтирмаяпмизми? Ёки, умримиз кўзмунчоқларига яхши ва ёмоннинг фарқини кенгроқ тушунтиришга кам вақт ажратаяпмизмикин...

     

    шаблоны для dle 11.2