Шомурод бахши

    12 март, 2019 59 qashqadaryo Qashqadaryo yangiliklari / Qashqadaryo voqealari

    Шомурод бахши Маҳманов (Шомурод бахши Тоғай ўғли) 1932 йил 3 мартда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Араббанди қишлоғида туғилган. Унинг отаси Тоғай шоир Маҳманов йирик бахши бўлган. Отаси ҳамда дўмбира ясовчи уста Нарзулла Шомуроднинг илк устозлари бўлган. Ўз умрининг энг навқирон дамларини ноҳақ қатағон қилинган отаси Тоғай шоир билан биргаликда Сибирда ўтказган Шомурод 17 ёшидалигида сургандан қайтиб келгач, достончилик сирларини ўргана бошлайди. Сургун азоб-уқубатлари, ака-опалари ва онаизоридан жудолик дардларини кўзларида ёш олиб куйлайди.Унинг репертуарида “Гўрўғлининг туғилиши”, “Райҳон араб қизи Зайдинойнинг олиб қочилиши”, “Авазхон”, “Нурали ва Шерали”, “Зулфизар”, “Апсар билан Гупсар”, “Алпомиш”, “Девлар”, “Маликаи айёр”, “Равшанхон”, “Гаждумхон”, “Шохдорхон”, “Авазнинг Зулфизарга бориши”, “Авазхоннинг Балхга сафари”, “Шералининг отасини излаб Ҳиндистон бориши”, “Юсуф Аҳмад”, “Авазнинг арази”, “Нурали” “Авазхоннинг Хунхорга аразлаб кетиши” сингари анъанавий достонлар ҳамда “Гулдона”, “Дўмбирам”, “Меккам чол”, “Жоним Ғирот, кўзим Ғирот”, “Қашқадарём”, “Ўзбекистоним”, “Мен айтайин олти билан еттини” сингари қизиқарли термалар мавжуд. “Маҳкам чол” термасида эрини сургун қилдирган миршаб Маҳкамчолга Рангсангул ва фарзандларининг нафрати, ғазаби ифодаланади. Бу Шомурод бахшининг ўз дарди, аламини ифодалайдиган терма қўшиқ. Ёшликдан онадан етим қолиш, ота соғинчи аламларини шу термага жамлаб, гоҳ бола бўлиб зорланиб, гоҳ она бўлиб йиғлаб айтади шоир. У эллик йилдан буён шу термани дўмбирани зорлантириб, ингратиб, йиғлатиб, йиғлаб айтади. У Чироқчи достончилик мактабининг сўнгги вакилларидан бири бўлиб, ижодининг ўз йўли ва усули бор.Шомурод бахши 1985 йилдан буён Республикамизда ўтказилган бир қатор маданий-оммавий тадбирлар ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2002-2005 йилларда ўтказилган «Бойсун баҳори» халқаро очиқ фольклор фестивалида, Шаҳрисабз шаҳрининг 2500 йиллиги ҳамда Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилей тадбирларида ўзининг мустақиллик ҳамда ҳур диёримизнинг ойдин истиқболини мадҳ этувчи термаларини куйлаб қатнашган. Кўплаб кўрик-танлов ва фольклор фестивалларида фаол қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келган. 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан унга «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонига берилди.

     

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать