Ўзбекистон Республикаси

    Маданият вазирлигининг

    2017 йил « 6 » июнь

    302 -сон буйруғига илова

    1. Умумий қоидалар

         1. “Сурҳондарё вилояти қўғирчоқ” театри Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-4956-сон Фармони ҳамда 2017 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги ПҚ-2778-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидаги театр-томоша давлат муассасаси ҳисобланади.

         “Сурҳондарё вилояти қўғирчоқ” театри (кейинги ўринларда матнда “Театр” деб юритилади) фаолияти бўйича Маданият вазирлигига ҳисобот беради.

    1. Мазкур Устав қонун ҳужжатларига мувофиқ “Театр”нинг мақсад, вазифалари, ҳуқуқи, ва мажбуриятларини белгилайди.
    2. “Театр” ўз мулкига эга юридик шахс бўлиб, оператив бошқариш ҳуқуқи билан мустақил балансига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бўлинмаларида тегишли ҳисоб варақларига, банкларда валюта ҳисоб рақамига, рамзи, штамплари, бланклари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўзининг номи кўрсатилган муҳрга эга бўлади.
    3. “Театр”нинг мазкур Устави Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг, юридик шахс мақомига эга бўлади.
    4. “Театр” ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Палаталарининг қарорлари ва бошқа қонуний ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Маданият вазирининг буйруқлари, топшириқлари, кўрсатмаларига, Вилоят (шаҳар) ҳокимлиги қарорлари ва фармойишларига, Вилоят Маданият бошқармаси буйруқлари, топшириқларига ҳамда мазкур Устав ва фаолиятига тааллуқли бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади.
    5. “Театр” ўз номидан шартномалар тузиши, белгиланган тартибда мулкий ва номулкий ҳуқуқларни, қонунчиликка мувофиқ мулкчилик ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларнинг объекти бўлиши мумкин бўлган кўчар ва кўчмас мулкни харид қилиши, бошқа бўлинмаларни тузиши, мажбуриятларни олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш ҳуқуқига эга.
    6. “Театр”нинг тўлиқ номи:
    • Лотин алифбосида – O‘zbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tasarrufidagi “Surhondaryo viloyati qo’g’ircoq” teatri.
    • Ўзбек тилида – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидаги “Сурҳондарё вилояти қўғирчоқ” театри.
    • Рус тилида – театр «Сурхандаринский областной кукольный  театр» при Министерства культуры Республики Узбекистан.
    1. “Театр”нинг юридик манзили: Сурҳондарё вилояти, Термиз шаҳри, Истиқлол кўчаси 26-уй. Индекси 190106.

                               2. “Театр” нинг мақсад ва вазифалари

         9. “Театр”нинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

        миллий ва жаҳон театр санъатининг бой анъаналарини юксалтириш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, замон талаблари даражасидаги саҳна асарларини саҳналаштириш, уларда миллий анъаналаримизни улуғлаш орқали умуминсоний қадриятларни шакллантириш, халқимиз, айниқса ёш авлод онгида миллий ва жаҳон маданияти ва қадриятларига нисбатан эҳтиром ҳисларини ошириш, шунингдек, жаҳон театр санъати соҳасида қўлга киритилган ютуқлардан унумли фойдаланиш;

        Ўзбекистон театр санъатини мамлакатимизда ва чет элларда кенг тарғиб этиш, гастроль фаолиятини шакллантириш ва мувофиқлаштириш;

       Республика миқёсидаги маданий тадбирларда, кўрик-танловларда, фестивалларда фаол қатнашиш ва ташкил этиш, театрлаштирилган томошалар ва спектакллар, маданий тадбирлар, ижодий кечалар, концерт дастурлари тайёрлаш;

    театр санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиздаги ва чет эллардаги муассасалар билан маданий, илмий-ижодий, иқтисодий ҳамкорлик қилиш юзасидан ўзаро манфаатли шартномалар тузиш;

    Ҳукуматимиз томонидан театр санъатининг олдига қўйилган вазифаларни самарали ташкил этиш учун ходимларнинг малакасини ошириш бўйича чораларни кўриш, уларни манънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;

       миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак, халқчил саҳна асарлари саҳналаштириш орқали ўзбек миллий театр санъати тараққиётига ҳисса кўшиш;

       халқимиз, айниқса ёшларимиз қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, гуманизм ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга баркамол саҳна асарлари билан ҳисса қўшиб бориш;

    аҳолини турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар, маросимлар, миллий байрамларни тиклаш ҳамда давом эттиришда кўмаклашиш;

          мамлакатда ва хорижда театр гастроль фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

     3. “Театр”нинг ҳуқуқлари

     “Театр”да қуйидаги ҳуқуқлар мавжуд:

          Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда “Театр”да соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат Бадиий кенгаш шакллантириш;

    алоҳида хизмат кўрсатган санъаткорларни, турли мутахассисларни Давлат мукофотлари ва фахрий унвонларига театрнинг бадиий кенгаши хулосасига асосан тавсия этиш;

        ўз фаолиятини тўлақонли амалга ошириш учун театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қуватлаш ҳамда рағбатлантириш учун махсус жамғарма шакллантириш;

    қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижодий жамоалар, студиялар ташкил этиш;

    ўрнатилган тартибда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

    қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда спектакллар, маданий тадбирлар ва театрлаштирилган концерт дастурлари учун чипталар нархини белгилайди;

          долзарб мавзулардаги янги спектаклларни саҳналаштириш учун турли буюртмалар беради ва белгиланган тартибда сотиб олинишини таъминлайди;

           ўрнатилган тартибда шартнома асосида мутахассисларни театр иши учун жалб этади;

           ўрнатилган тартибда фаолияти бўйича реклама ишларини амалга оширади;

           шунингдек, “Театр” қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга ҳисобланади.

     “Театр”нинг мажбуриятлари

    “Театр”га юклатилган вазифалар доирасида:

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Маданият вазирининг буйруқлари, фармойишлар, топшириқлари, кўрсатмаларига Вилоят (шаҳар) ҳокимлиги қарорлари ва фармойишларига, Вилоят Маданият бошқармаси буйруқлари, топшириқларига ва бошқа норматив-ҳуқуқларига қатъий амал қилиш;

    “Театр”нинг ривожланиши йўлида ижодий, илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;

    “Театр”нинг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ечиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

    “Театр”ни мунтазам ривожлантириб бориш, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

         Миллий ва умумбашарий қадриятларни таранум этувчи бадиий баркамол ёрқин саҳна асарларини саҳналаштирилишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида ташкил этилган соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат Бадиий кенгаш қарорига асосан янги саҳна асарлари намойишини ташкил этади.

    қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.

     “Театр”нинг мол-мулки ва маблағлари

     “Театр”нинг мол-мулки қуйидагилардан ташкил топади:

    “Театр”нинг мол-мулки ўз мулки, унга юқори турувчи ташкилот томонидан бириктирилган мол-мулк, ўз фаолиятидан олинган даромадлари, шартномалар орқали тушган пуллардан, кўрсатилган хизматлардан ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалардан ташкил топади.

    “Театр”нинг мол-мулки таркибига асосий фондлар (бинолар, иншоатлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар) ҳамда айланма маблағлар, шунингдек қиймати театрнинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар киради.

    1. “Театр”нинг молиялаштириш манбалари:

    давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

    гастроль фаолиятидан тушадиган маблағлар;

    юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳайрия-эҳсон маблағлари;

    “Театр” ваколатлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлардан ва кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар;

    тижорат ишидан ва пуллик хизмат кўрсатишдан тушган даромадлар;

    қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа манбалар.

    “Театр”ни бошқариш

     “Театр”га Сурҳондарё вилояти маданият бошқармаси тавсиясига асосан Маданият вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

    Директор Театрнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажарилишига шахсан жавоб беради.

    1. Директор ўз фаолиятини “Театр” номидан якка раҳбарлик принципида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва мазкур Устав билан берилган ҳуқуқлар доирасида олиб боради.
    2. Директор:

    “Театр” фаолиятига раҳбарлик қилади;

    ўрнатилган тартибда “Театр” мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади;

    тижорат тизимлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар (контрактлар) тузади;

    барча муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан муносабатларда “Театр” манфаатларини ҳимоя қилади;

    “Театр” номидан шартномалар ва битимлар тузади ва ушбу операцияларни бажариш учун ишончномалар беради;

    “Театр” номидан ишончномасиз иш юритади;

    ходимларнинг лавозим мажбуриятларини ва ички меҳнат тартиби қоидаларини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди, “Театр” ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

    “Театр” фаолияти масалаларига оид ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;

    мутахассис, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорларини, мансаб маошларини белгилайди, ишда алоҳида намуна кўрсатган ходимларни рағбатлантиради, ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

    мазкур Устав ва Маданият вазирлиги томонидан белгиланган ваколатлар доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.

    1. Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда “Театр” манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши шарт.

    Директор “Театр” фаолияти натижалари бўйича ўрнатилган тартибда Маданият вазирлигига ҳисобот беради.

    1. “Театр” директори ўринбосарлари Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
    2. Директор ўринбосарлари директорнинг топшириғига кўра унинг алоҳида функцияларини бажаради, директор ўз мажбуриятларини бажариш имконияти бўлмаганида унинг вазифасини бажарадилар.
    3. “Театр”нинг Бош режиссёри театр директори ва Сурҳондарё вилояти маданият бошқармасининг келишув тавсиясига асосан Маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
    4. “Театр”да Бадиий кенгаш ташкил этилади, унинг аъзолари ва шахсий таркиби директор тақдимномасига биноан Маданият вазири томонидан тасдиқланади.

    Бадиий кенгаш алоҳида Низом асосида иш юритади.

    Бадиий кенгашга директор раислик қилади. Бадиий кенгашнинг бошқа аъзолари театрнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, бадиий рахбарлари, режиссёрлари ва мутахассисларидан шу жумладан бошқа юқори малакали мутахассислардан тайинланади.

    Бадиий кенгаш “Театр” фаолиятининг асосий йўналишларини кўриб чиқиб, тавсиялар ишлаб чиқади ва қарорлар қабул қилади.

    1. Бадиий кенгаш:

    “Театр” дастурлари, репертуарларини муҳокама қилади ва уларни яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

    ижодий жамоа сифатининг янада яхшиланишига кўмаклашади;

    гастроль-концерт фаолиятининг сифатини назорат қилади;

    “Театр” маъмурияти билан ҳамкорликда иш фаолиятини яхшилаш шакл ва усулларини ишлаб чиқади;

    ходимларни фаҳрли унвон ва мукофотларга тавсия этади;

    ёшларнинг ижодий тажрибаларини кенг ёйиш, уларнинг малака ва маҳоратларини доимий ошириш ишларини олиб боради;

    ишга янги қабул қилинаётган актёрларни ишга қабул қилиш қилмаслик бўйича ўз хулосасини беради;

    ижодий, ташкилий, ишлаб-чиқариш масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;

    қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган ҳамда ўрнатилган тартибда ўз уставида белгиланган масалалаларни кўриб чиқади.

    1. Бадиий кенгаш қарорлари театр директорининг буйруғи билан амалга оширилади.

     “Театр”  фаолиятини  назорат қилиш.

     “Театр”нинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

    1. “Театр”нинг молиявий-хўжалик фаолияти Маданият вазирлиги ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат назорат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

     “Театр”ни қайта ташкил этиш ва тугатиш.

     “Театр”ни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

     Бошқа шартлар

     Мазкур Уставга ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартибда Маданият вазирлиги томонидан киритилади.

    1. Агар мазкур Уставнинг қоидаларидан бири ҳақиқий бўлмаса ёки кейинчалик ҳақиқий бўлмай қолса, бу ҳолат бошқа қоидаларнинг амал қилишини тўхтатишга сабаб бўлмайди. Ҳақиқий эмас деб тан олинган қоида ҳуқуқий муносабатга тўғри бўлган қоидага алмаштирилиши керак.

    29. Мазкур Устав Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб кучга киради.

    шаблоны для dle 11.2