"Рақс сеҳри" Халқаро фестивалининг тантанали очилиши бўлиб ўтди

    15 сентябрь, 2018 44 jizzax Jizzax vb yangiliklari

    Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалнинг очилиш маросими Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида бўлиб ўтди.

     Фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларидан ва қатор хорижий давлатлардан келган санъаткорлар ўз бадиий чиқишлари билан иштирок этди. Миллий рақс санъатимизни дунёга тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган фестивалга жорий йилда ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Рақс сеҳри Халқаро фестивалида 12 та мамлакатдан зиёд меҳмонлар ва бадиий жамоалар иштирок этди. 

      – Хивани эртакнамо шаҳар деб эшитган эдим, – дейди польшалик сайёҳ Каша Бейжик. – Қаранг, бугун ўзим бунга гувоҳ бўлиб турибман. Саёҳатимиз мана шундай рақс фестивали бўлиб ўтадиган кунларга тўғри келганидан ниҳоятда хурсандмиз.

     Ахир, бундай имконият яна бўладими-йўқми, номаълум. Рости, миллий рақсларингиз жозибасидан сеҳрланиб қолдик гўё. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамроҳларим билан бирга рақсларингизнинг айрим ҳаракатларини ўрганамиз. Бу ердан олган таассуротларимизни ўз юртимизда яқинларимизга албатта сўзлаб берамиз. Уч кун давом этадиган фестиваль доирасида рақс усталари томонидан маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, ансамблларнинг чиқишлари, саҳналаштирилган томошалар, турли кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.

      Рақс инсонга самимият ва яхшилик каби туйғуларни бахш этадиган ниҳоятда нозик санъат тури. Аслида, энг дилбар туйғулар билан чамбарчас боғлиқ рақсларда миллатнинг қадим ўтмишидан то бугунги кунигача ўз аксини топади. Бинобарин, рақсларимизда кўҳна замин тарихи, халқимизнинг ўзига хос анъаналари акс этади. Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов ва Чехия Республикаси Фавқулотда ва мухтор элчиси маслаҳатчиси И. Поспешиловалар  сўзга чиқди.

     Тантанали очилишидан сўнг, барча меҳмонлар ва иштирокчилар   “Ичан-қалъа”нинг  "Ота дарвоза"сидан икарига ташриф буюришди. Турли давлатлар номланиши билан ўтган саф, республиканинг ҳудудини намоён этувчи либослардаги  раққосалари “Ичан-қалъа”да юриши барчани лол қолдирди. Девор бўйлаб ансамбль жамоаларининг шўх чиқишлари томошабинларни рақсга чорлаб, завқ олдиришди.

      

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать