Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

    10 сентябрь, 2018 48 qashqadaryo Qashqadaryo yangiliklari

       Куни кеча барча орзиқиб кутган, турли эл, халқларни бир нуқтага тўплаган йилнинг муҳим маданий тадбири – Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

      Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3391 сонли ҳамда 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3656-сонли Қарорларига асосан анжуманни ўтказиш учун улкан ишлар амалга оширилиб, пухта тайёргарлик кўрилди.

       Оқсарой ҳудуди чинакам сўлим ва мафтункор масканга айланди, майдон декорацияларида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятлар акс этди. Миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари намойиш этилган кўргазмалар, фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, турли маросимлар, кўҳна ва умрбоқий обидаларимизнинг мўжаз макетлари чет эллик вакилларда катта қизиқиш уйғотди.

        Ушбу анжуманда 73 давлатдан 300 дан зиёд иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашаётгани мақом санъатига бўлган қизиқишнинг юксаклигини кўрсатади. Қолаверса, уларнинг ҳар бири анжуман орқали жаннатмакон Ўзбекистоннинг маданияти, санъати билан яқиндан танишиш имкониятига мушарраф бўлди десак, муболаға бўлмайди.

       Муҳтарам Президентимиз анжуманни очиб берар эканлар, ўз ҳаётини ноёб мусиқа дурдонаси бўлмиш мақом санъатига бағишлаган фидойи инсонларни чин қалбдан муборакбод этиб, тантанада иштирок этаётган юқори мартабали меҳмонлар, ЮНЕСКО, Осиё фольклор ижодиёти ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар вакилларига, қатор давлатларнинг маданият соҳаси раҳбарларига миннатдорлик билдирдилар.

     

     

         Шунингдек, юртбошимиз “Шарқ мумтоз адабиёти, тасвирий санъати, илму маърифат, исломий қадриятлардан озиқланган мақом санъатига – ана шундай буюк маданий мерос ривожига ўзбек халқи ҳам муносиб ҳисса қўшгани билан биз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этган анжуманимизнинг асосий мақсадидир” дея таъкидладилар.

     

       ЮНЕСКО томонидан мақомнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани катта аҳамиятга эга эканини, агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз лозимлигини эътироф этдилар.

     

     

     

     

        Дарҳақиқат, асрлар оша сайқалланиб, буюк дурдонага айланган мақом санъати умрбоқий санъатдир. Унинг, нуфузи ортса ортадики, асло камаймайди. Бу йўлда қўйилган катта қадам – Халқаро мақом санъати анжумани ҳам йилдан йилга дунё аҳлини ўзига чорлаб, бебаҳо маданий меросни тарғиб қилишда давом этади.  

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать