“ТЎЙДАН КЕЙИН ТОМОША”НИ БИР КЎРИНГ

    21 июль, 2018 139 jizzax Jizzax vb yangiliklari

    “ТЎЙДАН КЕЙИН ТОМОША”НИ БИР КЎРИНГ

     

    “Эй Худо, мен сендан олтин сўрабмидим?!” деган иборани эшитганимиз ҳамоно кўз олдимизда театр санъатининг буюк дарғаларидан бири бўлган Ўзбекистон халқ артисти Ғани Аъзамовнинг “Олтин девор” спектаклидаги образи намоён бўлади ва беихтиёр юзимизга табассум югуради. Бир пайтлар комедияда ишлатилган бу ибора бугунги ҳаётимизда орзу-ҳавасли тўй қиламан деб турли аҳволларга тушиб қолаётган юртдошларимиз томонидан кулиб эмас, йиғлаб айтилаётган бўлса ажабмас.
    Аслида, халқимиз қадимдан тўй ва маросимларни қариндош-уруғ, жамоатчилик иштирокида миллатимизга хос бўлган меҳр-мурувватлилик, камтаринлик, саховатпешалик каби умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ўтказиб келган. 
    Кейинги йилларда эса айримлар томонидан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимларни шуҳратпарастлик ва ортиқча дабдаба билан ўтказиш, исрофгарчиликларга йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар учраб турибди.
    Шукрулло қаламига мансуб бўлган “Тўйдан кейин томоша” асари ҳам айнан шундай ҳолатларни кулги билан танқид остига олган.
    Яқинда Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг бош режиссёри Илҳом Норматов томонидан мазкур асар саҳналаштирилди.
       
     Ушбу спектакл айнан шу мавзуни ён қўшнилар Фозилхўжа ва Мўминжонларнинг хонадонида тўй ташвишлари боис юзага келган муамоларнинг ечими орқали ёритиб беради.
    Спектаклда орзу ҳавас деб оила аталмиш муқаддас қўрғонга дарс кетмасин деган ғоя илгари сурилган.
    Жиддий комедия асосида саҳналаштирилган спектаклни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Раиса Абдуллаева, Жамила Дехқонова, шунингдек театрнинг моҳир актёрлари Бахтиёр Эшматов, Дилшод Норматов, Бахтиёр Холматов, Розия Эйгликова ҳамда ёш актриса Дилнавоз Ғанижонова ўзининг илк дебют роли билан ижро этишди. Асарни театрнинг умидли рассоми Санжар Ҳолиқов ўзининг чизгилари ва декорациялари билан янада бойитди.
    - Бу спектакл долзарблиги билан аҳамиятлидир. – деди асарни давлат қабули тақдимотида иштирок этган театршунос олим, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти профессори, драматург ва режиссёр Жўра Маҳмудов. - Гарчи комедия бўлсада, асар қаҳрамонларининг қарзга ботиб, бир-бирлари билан жанжаллашганлари, қайнона-келин, келин-куёвлар ўртасига тушган совуқчилик ва кўнгилхираликлар аслида кишиларни йиғлатадиган ҳодиса. Буни юксак бадиий режиссёрлик маҳорати билан саҳнага олиб чиқилгани, ижро маҳорати томошабинларга катта таъсир кўрсатади. Тўғри, асар ғояси янгилик эмас, аммо ундаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ёшларга ва катталарга сабоқ бўлса ажаб эмас.  
    Шуниси эътиборлики, мазкур комедиянинг премьерасига айнан Жиззах шаҳрида меҳмон бўлиб турган, ҳар йили анъанавий тарзда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинадиган “Сиз қонунни биласизми” Республика кўрик-танловининг якуний босқичида иштирок этиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидан келган ўқувчилар ва уларнинг устозлари, вилоятнинг кенг жамоатчилиги вакиллари таклиф этилдилар. 
          
    - Менга бу комедия жуда ёқди. - дея ўз таасуротлари билан ўртоқлашди Навоий вилояти Қизилтепа қурилиш коллежи ўқувчиси Бозорова Гулноза. – Томоша вақтида ҳаттоки тенгдош дугоналаримиз томонидан беихтиёр спектаклдаги ёш келинчакнинг ўз қайнонаси ва турмуш ўртоғига қўпол муносабатларига нисбатан овоз чиқариб айблаётганликларига гувоҳ бўлдик. Тўйдан кейин яқинларимизни ёмон аҳволга тушириб қўймаслик биз ёшларга боғлиқлигини тушундик. 
    Гулноза ва у сингари ёшлар тўғри тушунишяпти. Аслида ҳам тўйдан кейин “томоша” кўрмаслик ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Аммо, унгача “Тўйдан кейин томоша”ни бир кўриб, хулоса қилинса, фойдадан ҳоли бўлмас эди.
    Нодира Алимова,
    театр раҳбари.
    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать