Театрда яна бир янгилик ёки "Қувонч" болаларга қувонч улашмоқда

    20 июль, 2018 190 jizzax Jizzax vb yangiliklari

    Театрда яна бир янгилик ёки "Қувонч" болаларга қувонч улашмоқда

     

    “Қадим-қадим замонда бир хасис бой ва унинг арзанда қизи Зийнат, хизматкор қиз Зумрад, мушукжон, сичқонжон ва хўрозбойлар яшашар экан... Азиз болажонлар, эртаклар мамлакатига саёҳат қилишни ҳоҳлайсизми, унда “Қувонч” болалар ҳаваскорлик театр-студиясининг яхшиликнинг ёмонликни қандай енгиши ҳақидаги “Хасис бой ва хизматкор” эртагини томоша қилинг”. 
    Эртакчи қизалоқнинг катта саҳнада туриб, худди катта артистлардек ўзини тутиши, актёрлик маҳорати, равон сўзлаши ва жарангдор овози барчани беихтиёр эртаклар оламига етаклаб киради.
    Сизга ҳикоя қилаётганимиз Жиззах вилоят мусиқали драма театри қошида ташкил этилган “Қувонч” болалар ҳаваскорлик театр-студиядир.
    Аввало, театр-студиянинг ташкилотчиси ҳақида икки оғиз. Ўта жонкуяр, фидоий ва ташаббускор Гулшан Каримова қарийиб 30 йилдан буён турли маткабдан ташқари муассасаларда болаларга санъат сирларини ўргатиб келади. 
    - 1990 йиллар охирларида вилоят болалар ва ўсмирлар ижодиёт марказида ишлаб юрардим. – дейди Гулшан Каримова. - Вилоятда қандай миллий ва сиёсий байрамлар бўлмасин, мен раҳбарлик қилган болалар гуруҳи ўз концерт дастурлари билан иштирок этарди. Юзга яқин болаларни жамлаш, ўргатиш, байрам тадбирларида иштирок этиши учун уларни уйма-уй йиғиш, жойларга олиб бориш, келиш... буларнинг машаққатини боласи борлар жуда яхши тушунишади. “Ҳой, узоққа кетма, саҳнада хаёл сурма, икки кўзинг ва икки қулоғинг менда бўлсин” каби сўзларимни тушларимдаям гапириб чиқардим хатто. На нонушта ва на тушлик қилиш бўларди байрам тадбирларида. Ана шундай кунларнинг бирида, тўғрироғи, “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” куни муносабати билан “Меҳрибонлик уйи”нинг тарбияланувчилари учун ўтказилаётган хайрия тадбирида болалар концерт дастуримиз билан иштирок этар эканмиз, бўзчининг моккисидек, у ёқдан-бу ёққа чопиб юрганларимни кўрган, ҳақиқий меҳнат қилганни билиб, қадрлайдиган Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев (ўша даврда вилоятимиз ҳокими эдилар) меҳнатларимни эътироф этгандилар ҳамда сал ўтмай, менга Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони берилган эди.
    Ҳақиқатдан ҳам Гулшан опа ҳаётини болаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. У 1987-2007 йиллар давомида Жиззах шаҳар болалар ижодиёти марказида тўгарак раҳбари бўлиб ишлаган бўлса, тақдир тақазоси билан 2007-2017 йилларда Тошкент вилояти Охангарон туман маданият уйида “Шодиёна” болалар театр жамоасини тузиб, кўплаб республика миқёсидаги танловларда иштирок этган ва лауреат бўлган ҳамда Маданият вазирлигининг дипломлари билан тақдирланган. Унинг раҳбарлигидаги болалар театр жамоаси “Болалар намунали жамоаси” унвонига сазовор бўлган. 
    Маълумки, маданият ва санъат, хусусан театрнинг халқимиз, айниқса ёшларимиз қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга мухаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, гуманизм ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги ўрни беқиёс. Бугунги кунда юртимизда шахсан Президентимиз томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
    Бунга жавобан жорий йилнинг бошида вилоят мусиқали драма театри қошида санъатни, айниқса театрни ривожлантириш учун унга қизиқувчи истеъдодли ёшларни излаб топиш ва театрга жалб этиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг санъатга бўлган муҳаббатини кучайтириш, ўзбек миллий театр санъати тарихи асослари ва замонавий, малакали таълим-тарбия бериш, республикамизда маданий-маърифий, ижодий-бадиий соҳаларда эришилаётган ютуқларни театр санъати орқали тарғиб этиш, театр, театрлаштирилган оммавий тадбир режиссёрлари ва актёрларининг янги авлодини вояга етказиш, уларни кашф этиш ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, соҳадаги илғор услубларни миллий руҳ билан уйғунлаштирилган ҳолда театр санъатига тадбиқ этиш; турли маданий-маърифий тадбирлар, гастроллар, кўрик-танловлар, таниқли санъаткорлар билан учрашув ва анжуманлар, режиссёр ва актёрлар учун маҳорат дарслари ва театр санъатидан сабоқ берувчи ўқув машғулотлари ўтказиш, жаҳон маданият ва санъатининг ёрқин намуналари билан таништириш орқали уларни баркамол инсонлар бўлиб камол топишларига кўмаклашиш, театр-студияда устоз-шогирд анъаналарига таянган ҳолда истеъдодли ёшларга миллий ва жаҳон театр санъати назарияси бўйича таълим-тарбия бериш, изланишлар олиб бориш ва улар билан ўқув спектакллар саҳналаштириш мақсадида Г.Каримованинг бадиий раҳбарлигида “Қувонч” болалар ҳаваскорлик театр-студияси ташкил этилди. 
    Театр-студия томонидан “Хасис бой ва хизматкор” номли театрлаштирилган томоша саҳналаштирилиб, бугунги кунга қадар Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ҳарбий хизматчилари ҳамда Бахмал туманида жойлашган ҳарбий қисмда, Жиззах шаҳридаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида, бир қатор ёзги болалар оромгоҳларида намойиш этилди.
      
      
    Айниқса, Зомин туманидаги “Зомин-Санрайз” ва Шароф Рашидов туманидаги “Энержи” оромгоҳларида ўтказилган томошалар, концерт дастурлари, қувноқ куй-қўшиқларга уланган рақслар вилоятнинг сўлим ва бетакрор тоғ бағрида мазза қилиб дам олаётган болажонларга хуш кайфият бағишлади.
          
    Айтиш жоиз, шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасидан 80 нафар ўқувчи-ёшлар айнан “Энержи” оромгоҳида дам олмоқдалар. Дам олувчиларнинг хўроз, мушук ва сичқонларга бемеҳрлик билан озиқ-овқат беришдан қизғонган хасис бойга нисбатан эртак қаҳрамонлари томонидан айтилган ҳазиломуз сўзларга қўшилиб, мириқиб кулишлари, яхшилик йўлини танлаган бойни саҳнадаги болаларга жўровоз бўлиб кечириш кераклигини таъкидлашгани қувонарли, албатта.
    Эътиборли томони шундаки, болалар ҳаваскорлик театр-студияси қатнашчилари бўлган мактаб ўқувчилари театрнинг Ўлмас Илҳомов, Дилнавоз Ғаниева сингари профессионал актёрлари билан бирга саҳналаштирилган томошада ўз ижро маҳоратларини намоён этмоқдалар.
    - Биз намойиш этаётган томошамиз орқали она Ватан ва она табиатни севишни, бахтли болаликни қадрлашни, меҳнатсеварлик, маданият ва маърифат, меҳр-мурувват каби фазилатлар одамларни яхшиликка етаклашини, шунингдек, равон ва тиниқ гапиришни, мулоқот ва саҳна маданиятини ўрганиб, тенгдошларимизга намойиш этмоқдамиз.- дейди театр-студияси қатнашчиси, Жиззах шаҳар 19-сонли мактаб ўқувчиси Нигина Раҳимова.
       
    Бугунги кунда театр-студияда болаларга шеър ва монологларни ёд олиш, ижро этиш, қўшиқ айтиш, рақсга тушиш каби санъат сирлари ўргатилмоқда.
    Келгусида театр-студия томонидан “Яхшилик оламининг олтин калити” номли театрлаштирилган томошани саҳналаштириш режалаштирилмоқда. 
    Нодира Алимова,
    театр раҳбари
    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать