"Нурли наволар" фестивали якунланди

    01 июнь, 2018 168 jizzax Jizzax vb yangiliklari

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида белгилаб берган вазифалари ва Хатирчи туманида ўтказилган йиғилишдаги кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда ҳамда хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган фольлор жамоалари иштирокида жорий йилнинг 30-31 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Нурота тумани ва Навоий шаҳрида ўтказилган “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалида Жиззах вилояти Зарбдор туманида ижодий фаолият олиб бораётган “Ойпари” фольклор-этнографик халқ ансамбли ўз дастурлари билан фаол иштирок этишди.

      

    Мазкур фестивалда Қорақалпоғистон Республикасидан “Мейрас”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Бухоро вилоятидан “Қасри Орифон”, Жиззах вилоятининг “Ойпари”, Наманган вилоятидан “Уйчи тонги”, Навоий вилоятининг “Сардоба”, Самарқанд вилоятининг “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Сурхондарё вилоятидан “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона”,  Фарғона вилоятининг “Гулёр”, Хоразм вилоятининг “Наврўз”, Қашқадарё вилоятининг “Ризвонгул” каби энг намунали фольклор-этнографик жамоаларининг 250 нафардан ортиқ қатнашчилари ўз ҳудудига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган дастурларини фестивал ҳакамлар ҳайъатига ҳамда хорижлик меҳмонлар ва фестивалга ташриф буюрган томошабинларга намойиш этдилар.

    Навбатдаги фольклор байрами бўлган “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалида Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон Республикасидан меҳмонлар ташриф буюрди. Шунингдек, фестивалда Германия, Франция, Хитой, Корея, Россия каби 50 га яқин хориж мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эл ваколатхоналарининг вакиллари ҳам иштирок этишди.

    Фестивалда Жиззах вилоятидан иштирок этган “Ойпари” фольклор- этнографик халқ ансамбли ҳам Зарбдор туманининг ҳудудига хос бўлган “Чўпон қиз”, “Зарбдорлик чеча” ва “Чов-чов” каби фольклор қўшиқлар, рақслар, айтишувларни умумлаштириб жами 10 дақиқалик қизиқарли фольклор дастурларини ижро этиб, фольклор жамоалари орасида “Энг яхши саҳна кўриниши учун” ҳамда ”Номоддий маданий мерос тарғиботи учун” номинацияси бўйича Маданият вазирлиги ва Навоий вилояти ҳокимлигининг махсус дипломи ва эсдалик совғаси билан тақдирландилар.

        

    Қўлга киритган ютуғидан илҳомланган жамоа, келгусида репертуарини туман ҳудудига хос маросим, удумлар, куй-қўшиқ ва рақслар билан бойитиб, янада юқори марраларни эгаллашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар.

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать