ЮРТ ОБОДЛИГИ КЎНГИЛ ОБОДЛИГИДАН БОШЛАНАДИ

    31 май, 2018 55 jizzax Jizzax vb yangiliklari

    АТРОФНИ ИФЛОСЛАНТИРГАНГА ОҒИР ЖАЗО ёки ЮРТ ОБОДЛИГИ КЎНГИЛ ОБОДЛИГИДАН БОШЛАНАДИ

    Яқинда "Аргументы и факты” газетасидан шаҳарни ифлослантирганларга қаттиқ жазо тайинланиши, мамлакат қонунларига итоат қилмаганларга қатл жазоси берилишш ҳақидаги бир мақолани ўқиб қолдим. Сингапур давлати қонунчилигига асосан тозалик қонун-қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган жазо чоралари ҳайратимни оширди. Ўқиганларимни, қолаверса, анчадан буён мени ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган ҳолатлар ҳақида бошқаларга  ҳам етказишни ўзимнинг бурчим деб билдим.

    Кўча тозалиги ва умуман, экологик тарбия ҳақида гап кетганида болалигимда содир бўлган бир воқеа эсимга тушади... Онам билан (Худо ўз раҳматига олган бўлсин уларни) шаҳар жамоат транспортида қаергадир йўл олгандик. Мен жуда ёш эдим ва бекатда сотиб олдирган сақичимни автобусга чиққан захотим очишга шошилдим. Шунда онам қоғозини менга бер, дея чўнтакларига солиб қўйдилар. У қоғоз онамга керак экан, деб ўйладим. Биз манзилга етиб боргач, автобусдан тушдик. Онам ўшанда у ёқ-бу ёққа қараб ниманидир (чиқинди ташлаб идишини) излаганларини эслайман. Биз уйга қайтиб келгач, онам чўнтакларидаги қоғоз ёдларига тушиб, уни чиқинди идишига ташлагандилар. Шунда нега бундай қилганларини сўраганимда, автобусни ичи, умуман биз юрган кўчалар, йўлларнинг барчаси ҳам уйимиздек эканлигини, айниқса, ерга чиқинди ташлаб бўлмаслиги, чунки унинг ҳам жони борлигини, худди бизга ўхшаб нафас олишини, ер юзи қанча ифлосланса, ҳаво олиши қийинлашиб қолишини уқтиргандилар. Биз оилада кўпчилик бўлиб, бу тарбия барчамизга сингдирилганди ўшанда...

    СИНГАПУР ЖАЗОЛАРИ

    Айтишларича, бундан роппа-роса 40 йил олдин Осиёнинг жануби-шарқидаги Сингапур мамлакати кўчалари чиқиндилар билан тўлиб-тошган экан. Бугун эса қаттиқ жазо туфайли у ерда чиннидек озодалик ўрнатилибди.

     Сингапурда бўлиб қайтган россиялик журналист Георгий Зотовнинг ёзишича, Чанг исмли маҳаллий тадбиркорлардан бири чекиш мумкин бўлган (!) очиқ жойда папирос чекиб бўлиб, қолдиқларини ўзи билан олиб юрган темир ғилофчали идишга тартиб билан жойлаштираётганини кўрган.

    Суҳбатдан сўнг Чанг қўлидаги идишни юз метрлар узоқ масофада жойлашган чиқинди ташлаш идишига олиб бориб бўшатган.

    - Сингапурда конфет қоғозини жамоат жойига ташлагани учун маҳаллий пулда 500 доллар жарима тўланади (бизда 2 миллион етти юз эллик минг сўмга тўғри келади), - муаллиф), - деган Чанг, - шунинг учун менда болалигимдан конфет қоғози ва бошқа чиқиндиларни кўчага ташламасликка ўзидан ўзи рефлекс (одат) пайдо бўлган, чунки бунинг учун дарров жаримага тортилиш мумкин, қолаверса, бугун барча ерга видеокузатувлар ўрнатилган.

    Чангнинг ҳикоя қилишича, деб ёзган журналист, - бир қўшнисининг 18 ёшли ўғли қадимий меъморчилик обидасининг деворига чизганлиги учун суд қарори балан орқасининг юмшоқ жойига 10 марта ёғоч даста билан калтакланиб, 7 кун қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

    "Бу ерда ҳеч ким ўлим жазосини бекор қила олмайди, - тушунтирган журналистга адвокат Виктор Ли Хонг. – Ҳукумат Евроиттифоқ, шунингдек, АҚШнинг бу бўйича эьтирозларини умуман эътиборга ҳам олмайди. Агар кимдир мамлакат ичкарисига наркотик модда олиб кирса ёки сотиш билан шуғулланса, унга ўлим муқаррар. 2002 йили Чанги аэропортида 22 ёшли Австралия фуқароси қўлга олинади: у ўзи билан 400 гр. кокоин моддасини олиб ўтган. Унинг ҳимоясига Автралиянинг бош вазири, санкциялар билан таҳдид қилган, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳатто Рим Папаси чиқишган, аммо йигит барибир осилган.

    Хулоса шуки, Сингапурда қонунларга барча, бойлар ҳам, оддий кишилар ҳам итоат қилиши шарт экан. Бу мамлакатнинг кўчалари бўйлаб юрган кишилар турли огоҳлантиришлар ёзилган пешлавҳаларга кўзлари тушиши мумкин бўлиб, ҳар-хил чекловларга риоя этишлари қатъий белгиланган. Масалан, резинали сақич фақат дорихоналарда сотиларкан ва энг муҳими, у фақат қатъий рецепт асосида бериларкан?! Мабодо сайёҳлар ўзлари билан сақич олиб келсалар, бунга рухсат берилсада, "резинка”ни метрога ташласа, маҳаллий пул билан 1 минг доллар жаримага тортиларкан.

    Сингапурда пешонасига "Мен шаҳарни ифлослантирдим” деган ёзувли оппоқ пешлавҳаларни тақиб юрган кишиларни учратиш мумкин бўларкан. Сабаби улар томонидан чиқинди ташлаш учун ўрнатилган махсус идишларга эмас, атрофига папирос қолдиқларини ташлаганлар шундай жазоларга, такроран содир этганлар бир ҳафталик истироҳат боғлари ва кўчаларни тозалаш учун ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилиши қатъий белгиланган. Жамоат жойларидаги умумий ҳожатхоналардан фойдаланган пайтда ўз орқасидан сувни тортиб кетмаган "жиноятчи” учун эса бизнинг пулга ўлчанганда 700 минг сўм атрофида жарима тўланаркан!

    Энг қизиғи шундаки, бугунги кунда бундай жазолар асосан қоғозларда мавжуд. Тўғрироғи, қонун ва қоидаларга амал қилиш сингапурликларнинг қон-қонига сингиб кетганлиги туфайли, ҳуқуқбузарликлар унчалик ҳам учрамайди. Ҳа, яна бир гап, Сингапурда қонунга итоат қилиш шу қадар қатъий белгиланганки, мисол учун вояга етмаганлар учун папирос сотилса, шу дўкон эгаси йирик миқдорда жарима тўлайди, ҳуқуқбузарнинг ўзи эса "юмшоқ жойи”га калтак еса, сотувчи қамоқ жазосига ҳукм қилинаркан.

    Шунинг учун ҳам Сингапурда қонун бузилиш ҳолатлари жуда кам учрар экан. Бугун йирик жарималар ва шафқатсиз жазолар туфайли Сингапур дунёдаги энг тинч, энг тоза ва энг обод маконлардан бирига айланган. Яна шуниси эътиборлики, Сингапурда одамлар қонунларга қўрққанидан эмас, балки ўз ихтиёри билан итоат қилишар экан!

    Ўйланиб қоласан киши, қанийди бизда ҳам кишилар ҳеч қандай жазоларсиз кўчаларни, шаҳарларимизни тоза, озода сақласалар...

     

    ДАДАМ АЙТИБ БЕРГАН РИВОЯТ

    Болалигимда оила даврасида ота-онамиз бизларни тарбиялашда ривоят ва масаллар айтиб бериш усулидан фойдаланишарди.

    Ривоят қилинишича, бир юртнинг подшоси мамлакатининг ободлиги ва тозалигини таъминлаш мақсадида тўрт томонга жарчи юборди. Жарчилар кўчама-кўча юриб одамларга кимда-ким уйидан кўп миқдорда чиқинди ва ахлатларни кўчасидаги ўз уйи олдига йиғиб қўйса, уюлган чиқиндининг миқдорига қараб, подшонинг мукофотига сазовор бўлишларини етказибдилар.

    Ва ниҳоят, подшоҳ аёнлари билан кўчаларни айланиши керак бўлган фурсат етибди. Кўчалар оралаб ҳар-хил миқдордаги уйилган чиқиндилардан кўнгли беҳузур бўлиб ўтиб бораётган подшохнинг кўзи бир уйга тушибди.

    Уй атрофи чиннидек супирилган, сув сепилган эмиш. Подшоҳ дарвоза ҳатлаб, уй ҳовлисига кирибди.

    Ҳовли сатҳи топ-тоза, атрофга гул ва райҳонлар экилган экан. Ҳовли саранжому-саришта бўлишига қарамай, уй эгасининг бўй етган қизи супурги билан у ер-бу ерни супуриб, ҳокандозга чиқинди еғиш билан овора бўлаётганмиш.

    -  Нега мени топшириғимни бажармадинглар, - дебди подшоҳ салом-аликдан сўнг. - Кўчага чиқинди уюб қўймабсизлар?!

    -  Бир қошиқ қонимиздан кечинг, шоҳим, биз оилада чиқинди йиғилса, барака қочади деб, ҳеч қачон йиғмагандик, шунинг учун сиз белгилаган кунга қадар кўчага уйиб улгурмадик. – деб ерга қарабди қиз.

    Қизнинг ақл, фаросати ва хушмуомаласини кўрган  подшоҳ шу қизни ўз ўғлига келин қилиб олиб берган экан.

    Қиссадан ҳисса шу эканки, фаросатли инсонлар ҳеч қачон чиқиндиларини кўчага кўз-кўз қилиб йиғиб қўймас эканлар.

    ВИЖДОН АЗОБИ

    90-йилларнинг бошлари. Адабиётга бўлган меҳрим туфайли ҳамюртимиз, истеъдодли шоир ва жамоат арбоби, марҳум Келди Қодирнинг хонадонларига тез-тез бориб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлар эдим.

    Ўта маданиятли ва юксак маънавиятли адибимиз ўша йилларда Туркия давлатида бўлганларидаги бир ибратомуз воқеани ҳаяжон ва ҳижолат бўлган ҳолда айтиб берганлари кечагидек эсимда.

    Келди аканинг ҳикоя қилишларича, Туркия давлатининг университетларидан бирининг профессори бўлиб ишлайдиган танишлари ўз машинасида шаҳарни сайр қилдирибди. Йўлда Келди аканинг папирос чеккилари келиб тутата бошлабдилар. Шунда профессор оғайнилари эътироз билдирмасада, ойнадан орқа ўриндиқда ўтирган меҳмонга ёмон қараб қўйибди. Тутун ҳиди унга ёқмаётганлигини дарров англаган шоир папиросни тезда ўчирибдиларда, юриб кетаётган машина ойнасини очиб, кўчага улоқтириб юборибдилар. Шунда нима бўлибди денг, профессор машинасини секинлатиб, бурилиш жойидан орқага қайтибдида, худди бояги йўлга қайта келиб, папирос улоқтириб юборилган жойга тўхтабди. Машинадан тушиб, қолдиқни излаб топибдида, ўзи билан олиб тушган қоғоз парчасига папиросни ўраб, мошинасининг эшик қисмидаги кармончасига солиб қўйибди!

    Келди Қодир ўша воқеа туфайли қанчалар ҳижолат бўлганларини такрор-такрор айтиб бергандилар ўшанда.

    Худди шу воқеа сингари ўзим ҳам бир кўнгилсизликка тушганимни шу кунгача бировга айтмагандим, тўғриси, айтолмаганман. 10 йиллар олдин чамаси Тошкентга хизмат юзасидан 3 кунлик малака оширишга юборилдим. Яқин қадрдоним, ҳамкасбим, айни пайтда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият кўрсатаётган Мамлакат Умарова боришимни билгач, меҳмонхонага эмас, менинг уйимга келинг, деб таклиф қилди.

    Ўқишимиз бошланишидан бир кун олдин борган эмасманми, эрталаб, уйдан чиқиш пайтимда ўртоғим чиқиндилар солинган пакетни ўзим билан бирга олиб чиқиб, ташлаб кетишимни сўради.

    Мен ўқишга борадиган жойнинг манзилини сўраб, тахминан билиб олганман холос, қолаверса, бизга кечикиш мумкин эмаслиги огоҳлантирилган эди.

    Қўлимдаги чиқинди тўла пакетни олиб кўп қаватли уйлар оралаб, чиқиндихонани изладим. Йўл-йўлакай ўтаётган йўловчилардан сўрасам, кимдир билмаслигини, яна кимдир ичкари уйларнинг орасида эканлигини айтади. Вақт эса ўтиб бормоқда. Хали олдинда мен боришим керак бўлган манзилни излаб топиш турибди.

    Хуллас, йўлим ёқасидаги ариқлардан бирига чиқиндини яшириб кетиб, ўқишдан қайтишда яна олиб, чиқиндихонага олиб боришга қарор қилдим.

    У ёқ, бу ёққага қараб, ҳеч ким йўқлигига иқрор бўлгачгина, худди катта бир гуноҳ иш қилгандек, хадик ва қўрқув билан қўлимдагини ариқ панасига қўйдимда, икки қадам юрганимни биламан, орқамдан бир эркак кишининг қаттиқ бақиргани эшитилди. Уй орасидан чиқиб қолган катта ёшлардаги бир одам менга нисбатан айтмаган гапи қолмади чамамда.

    Мен эса ўзимни оқлаш у ёқда турсин, ношудлигимдан бирор гап айтишга ҳам иложим қолмаганди. Чунки мен ҳақиқатдан ҳам нотўғри иш қилгандим ўшанда. Йиллар ўтсада, ўша воқеа туфайли, чиқиндини ўқишдан сўнг ташлаш керак бўлган жойга олиб бориб ташлаб кетганимни ўша одамга билдиролмаганимдан виждоним қийналади...

     

    ШАҲРИМИЗНИ ИФЛОС ҚИЛМА!

    Бугун ҳеч кимга сир эмаски, жаннатмонанд юртимизнинг ҳар бир гўшасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

    Биргина Жиззахимизни мисол қилиб оладиган бўлсак, шаҳримиз кўчалари обод, турли ранглардаги анвойи гуллар билан яратилган ландшафтлар кўзларни қувонтирса, унинг атридан диллар яйрайди. Аммо, бу гўзалликка мафтун бўлиб туриб, ногаҳон гуллар орасида ёки йўлакларда ётган қоғозлар, ўриндиқлар атрофига ташлаб кетилган писта пўчоқлари, пластмасса идишлар ва бошқа чиқиндиларни кўриб табингиз хира бўлади. Энг хунуги эса, шаҳримиз марказий кўчаларида жойлашган савдо марказлари қоғоз ва бошқа катта-катта уюмларни айнан йўл бўйларига йиғиб қўймоқдалар. Бу шаҳар ҳуснига доғ бўлиш билан бирга биринчидан йўлдан ўтаётган кишилар кайфиятига салбий таъсир кўрсатса, иккинчидан, шаҳарга келган меҳмонларда ёмон таассурот қолдиради.

      

    Шаҳримиз кўркига кўрк бағишлаб турган муҳташам иншоот - вилоят мусиқали дарма театри халқимизнинг маданий мероси ҳисобланади. Рости, ҳар гал театр атрофидаги гўзалликдан бир қувонсам, ҳар куни ён-атрофни тозалаётган фаррошлар ва бошқа ободонлаштириш бошқармасининг ишчи-ходимлари меҳнатига ичим ачийди. Қолаверса, ям-яшил газонлар ораларига яна ва яна кўпроқ сочилган писта пўчоқларини кўриб (ваҳоланки, ўриндиқлар ёнгинасига чиқинди ташлаш идишлари ўрнатилган), уни тозалаш минг машаққат эканлигидан, ўтлар орасидан тозалаб олиш қийин бўлгани учун шаҳримиз ҳуснига доғ бўлиб қолаётганидан кўнгил ранжийди.

      

    Бундан ташқари айримлар папиросни чекиб бўлиб, қолдиқларини гулзор ва яшил ўтлар орасига улоқтирмоқдалар, яна бировлар эса резинали сақични чайнаб бўлиб, йўлакларга ташламоқдаларки, бунинг оқибатида қанчалик хунук манзаралар қолишини тасаввур қилиш қийин эмас.

    Одамларимиз музқаймоқ ва бошқа ширинликларни истеъмол қилиб бўлгандан кейин бемалол ерга ташлаб кетишни тобора одат қилиб бормоқдалар. Ўйланиб қоласан киши, нега шундай қилишаркан, ахир ўз уйларида уй юзига ёки ҳовлиларига ҳам шундай муносабатда бўлишармикан?! Наҳотки, ўзгалар меҳнатига ичлари ачимаса? Қолаверса, атроф-муҳитни атайлаб ифлослантиришга қандай йўл қўйиш мумкин?

    Кейинги пайтларда, ҳаттоки театр ичкарисида томоша маданиятига ҳам эътибор қилмасдан, томоша пайтида писта чақиб ўтириш, сақич чайнаб, қимматбаҳо ҳисобланган ўриндиқлар ва тўшалган гиламларга сақич ёпиштириб кетиш ҳолатлари учрамоқда.

    Шу ўринда болалигимда онамнинг қоғозни кўчага ташлаб юбормай, уйгача олиб келиб, чиқинди идишига солгани яна бот-бот эсимга тушаверади ва тарбия ҳам, одоб ва аҳлоқ ҳам энг аввало, оиладан бошланишига, мактабда ва жамиятда камол топишига имон келтираман.

    Шу ўринда яна бир гап, кейинги пайтларда аҳоли, айниқса, ёш болалар орқали чиқиндиларни ариқларга ёки ташлаш мумкин бўлмаган жойларга ташлаб кетиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

    Мен яшаб турган уй катта йўл ёқасида жойлашган. Кўчадан лоток ариқда сув ҳам оқиб ўтади. Кўпинча ишдан уйга қайтгунимизча уйимиз кетидаги ариқларга ҳар-хил маиший чиқиндиларни тўкиб кетишганига гувоҳ бўламан. Айрим ҳолларда эса кишиларнинг оқиб турган лоток сувига чиқинди идишларини бўшатиб ёки ўлиб қолган товуқ, мушук ва бошқа санитария ва эпидемиология талабларига зид нарсаларни оқизиб юборишганини кўриб, бу одамлар ўз ҳовлисига, экин ерларига айнан шу сув киришини, биз истеъмол қилаётган озиқ-овқатлар ҳам шу сувдан суғорилганини ўйлаб кўрармикан, деган саволга жавоб тополмай қоласан киши.

    Юқорида Сингапур мисолида атроф-муҳитни, шаҳарни ифлослантирганларга оғир жазо қўлланилиши ҳақида гапирдик. Тўғри, бизда бундай эмас. Аммо бизда кўпнинг қарғиши ёмон бўлади, деган ибора бор. Ўзгаларни оғринтириб, қарғиш олиш энг оғир жазодир аслида!

    Минг шукрки, халқимизда, боланинг бегонаси бўлмаганидек, ўзига хос тарбия усуллари бор, яъни кўча-куйда нотўғри ҳатти-ҳаракат қилаётганларга катталар томонидан танбеҳ бериб ўтилади. Тўғри, бизда Сингапурчалик пешонасига шаҳарни ифлослантиргани учун тамға осиб қўйишнинг иложи йўқдир, аммо, биз катталар ёшларимизга ҳар куни, ҳар доим шаҳримизни, юртимизни, она табиатимизни ифлослантирмасликка даъват этишдан тўхтамайлик. Бу борада, ҳамюртларимизга, барча давлат ва жамоат ташкилотларига бир таклиф бор, "Шаҳримизни ифлос қилма!” акциясини ўтказайлик. Кўчалар, таълим, тиббиёт ва бошқа одамлар гавжум жойларда ёзувлар ўрнатиб, одамлар орасида тозалик ва озодаликка чорловчи буклетлар тарқатиб, театрлаштирилган саҳна кўринишлари билан жойларда, шунингдек, телевидение ва радио ҳамда ижтимоий роликлар орқали тарғибот ишларини кампания сифатида олиб борайликки, токи юртимиз бунданда гуллаб яшнасин. Зеро, Ватан ободлиги кўнгил ободлигидан бошланади.

      Нодира АЛИМОВА, вилоят мусиқали драма театри раҳбари
    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать