“Нурли наволар” кўрик-танловининг вилоят босқичи

    07 май, 2018 17 qashqadaryo Qashqadaryo yangiliklari

    Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси томонидан жорий йилнинг 2-5 май кунлари “Нурли наволар”  фольклор-этнографик жамоалари ва бахши-шоирлар республика кўрик-фестивалнинг  вилоят босқичи ўтказилди.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил  26 апрелдаги “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш  чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  304-сонли  ҳамда  2010 йил 7 октябрдаги “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос обеъктларини муҳофаза қилиш,  асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш  Давлат Дастурини тасдиқлаш  тўғрисида”ги 222-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу кўрик-фестивалда миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни сақлаш, тиклаш ва уларни ривожлантиришга, шунингдек, ёш авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Номоддий -маданий меросимизни халқ оғзаки ижоди намуналари, ўз ҳудудига хос бўлган миллий анъаналари, удумлари ва қадимий халқ қўшиқлари – рақсларини, она-диёр ва истиқлолни мадҳ этувчи қўшиқларни таранум этиб келаётган фольклор-этнографик жамоалар  томонидан тайёрланган дастурлар томошабинларга катта қизиқиш ўйғотди. Айниқса, бахши-шоирлар томонидан ижро этилган “Алпомиш”,”Гўруғли”, “Кунтуғмиш”, “Юсуф ва Зулайҳо” каби халқ достонларининг ижро этилиши, думбранинг черма усуллари, айтимларнинг ўзига хос оҳанглари томашабинлар қалбида ўчмас из қолдирди.
    Танловнинг вилоят босқичида ҳудулардан 19 та фольклор-этнографик жамоалар ва 24 нафар бахши-шоирлар иштирок этди. Танлов якунига кўра;
     Фольклор-этнографик жамоалар йўналиши бўйича 1-ўрин Муборак тумани “Занжирсарой” фольклор-этнографик халқ жамоасига, 2-ўрин Яккабоғ тумани “Яккабоғ чечаклари” болалар фольклор-этнографик жамоаси ҳамда Чироқчи тумани “Чироқчи чироқлари” фольклор-этнографик халқ жамоасига, 3-ўрин Қарши шаҳри “Ойдиной”, Нишон тумани “Нурафшон” фольклор-этнографик халқ жамоалари  ҳамда Қарши тумани “Чамандагул” фольклор-этнографик жамоасига насиб этди.

     

    Бахши шоирлар йўналиши бўйича:
    1-ўрин Деҳқонободлик истеъдодли бахши Бойқучқор Ахмедовга, 2-ўрин Нишон туманидан Эркин Уролов ҳамда Деҳқонобод туманидан Илҳом Рахимовларга, 3-ўрин Деҳқонободлик бахшилар Боқи Даминов, Зиёдулла Ахмедов ҳамда Кенжа Манглиевларга насиб этди.

     Танлов ғолиблари вилоят маданият бошқармаси томонидан қимматбаҳо совғалар, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

     

     

    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать