ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ ВОДИЙГА ГАСТРОЛЬ САФАРИГА ЙЎЛ ОЛДИ

    10 май, 2018 90 jizzax Jizzax vb yangiliklari

       Жиззах вилоят мусиқали драма театри жамоаси ёш қаламкаш Сардор Хамроев қаламига мансуб бўлган, халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган диний экстремизм ва терроризмга қарши курашга чорловчи "Баҳодир" драмаси билан водий гавҳари - Фарғонага гастроль сафарига жўнаб кетди.

       Асар бош қаҳрамони Баҳодир харбий хизматдан сўнг имтиёзли равишда грант асосида олийгоҳга ўқишга қабул қилинади. Дўсти Асрорнинг қистови билан ётоқхонадан Рустам исмли ёши катта бир нотаниш кимсанинг уйига кўчиб ўтишади. Шу ерда унинг ҳаётини мутлоқ ўзгартириб юборган воқеа содир бўлади. Дўсти Асрорни Рустам ака таъсирида диний экстремистик оқимга қўшилиб қолганини сезгач, уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Аммо унинг барча уринишлари зоя кетади.
       Баҳодир Асрор билан чет элдаги террорчи жангарилар тўдасига бориб қўшилади.
       Воқеалар ривожи давомида Асрорнинг отаси Мардон ота ўғлини террорчи бўлиш мақсадидан қайтара олмагач, уни оқ қилади. Жавлон ота эса онасиз вояга етказган ёлғиз фарзанди Баҳодирни чет элга ўқишини давом эттириш учун эмас, балки террорчи гуруҳга қўшилиш мақсадида кетганлигини эшитиб, чуқур изтиробда қолади. Баҳодир ва Асрор бир неча йил жангарилар ҳарбий лагеридаги тайёргарликдан сўнг қўпорувчилик мақсадларини амалга ошириш учун Ўзбекситонга келадилар. Асрор ва унинг шериклари мачитни портлатиш харакатлари чоғида миллий хавсизлик хизмат ходимлари томонидан қўлга олинади. Террорчиларнинг чет элдаги ҳарбий лагери портлатиб юборилади.
    Театрнинг истеъдодли ёш режиссёри Шохрух Йўлдошев ушбу саҳна асарида бугун дунёни ларзага солаётган диний экстремизм ва терроризм мавзусига Ватан тинчлигини асраш, уни ҳимоя қилиш шу юрт ҳар бир фарзандининг муқаддас бурчи эканлиги ғояси нуқтаий назаридан ўзига хос тарзда ёндошади.
      
       Ўткир психологик драмада бош қаҳрамон Баҳодир ролини театрнинг истеъдодли актёри Хамроз Маҳмудов маромига етказиб ўйнаган.
    Спектакл томошалари Фарғона шаҳридаги И.Каримов номли театр ва санъат саройида жорий йилнинг 10-12 май кунлари соат 11.00, 15.00, 18.00 да: 13 май куни Қўқон давлат мусиқали драма театрида соат 11.00 да бўлиб ўтади.   
       Азиз фарғоналиклар, Сизларни мазкур драмани томоша қилишга таклиф этамиз!
    Манба: sangzor.uz
    шаблоны для dle 11.2
все шаблоны для dle на сайте newtemplates.ru скачать